Андижонда мактаб директори ўқитувчини пичоқлаб қўйди (видео)

Андижонда мактаб директори ўқитувчини пичоқлаб қўйди (видео)

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги 25-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори мактаб ўқитувчиси билан жанжаллашиб қолиб, уни пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, 2020 йил 25 май куни соат 09:00 да мусиқа мактаби ўқитувчиси Нодир Зиёдов (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) укалари Собир ва Бобир билан мактабга бориб, директор Дониёр Исоқовдан ойлик маоши ҳақида маълумот олмоқчилигини билдирган. Ўзаро суҳбат жанжалга айлангач, директор хонадаги хўжалик пичоғи билан Нодир Зиёдовнинг юзи ва танасига уриб, жароҳат етказган.

Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, директор Нодир Зиёдовга — чап юзига, кўкрак қафаси чап ёнига ва ўнг қўли кафти ичига кесилган жароҳатлар етказиб, соғлиғининг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказган.

Ўқитувчи мазкур ҳолат юзасидан Пахтаобод туман ИИБга мурожаат қилган. Ҳуқуқ тартибот ходимлари ҳодиса жойини кўздан кечириш давомида бир дона хўжалик пичоғини топган ва далилий ашё тариқасида олиб қўйган.

МАВЗУГА ДОИР:

Андижондаги туғруқхонада 21 ёшли она ўзини осиб қўйди

Андижонда ўз уйида ўғрилик қилган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Андижонда хотини ва қизига 23 маротаба пичоқ уриб ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди (видео)

Ҳолат юзасидан Пахтаобод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 2020 йил 4 июнь куни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (Соғлиқнинг қисқа вақт, яъни олти кундан ортиқ, аммо йигирма бир кундан кўп бўлмаган муддатга ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқотилишига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Директорнинг ҳаракатларида қотилликка суиқасд қилиш аломатлари бор-йўқлигига тергов ҳаракатлари давомида баҳо берилади», — дейилади вилоят ИИБ ахборотида.