Андижонда мактаб ўқувчилари меҳмонларни кутиб олиш учун устки кийимларсиз совуққа олиб чиқилди

Андижонда мактаб ўқувчилари меҳмонларни кутиб олиш учун устки кийимларсиз совуққа олиб чиқилди

22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчиларининг совуқда икки қатор бўлиб, юпун кийимларда байроқ кўтариб маҳаллий амалдорларни кутиб олаётгани акс этган сурат тарқалди.

Суратда эримаган қор ҳамда пальто кийган эркак ва аёлни кўриш мумкин. Блогер Нозим Сафаровнинг ёзишича, болалар совуқ ҳаво бўлишига қарамай, ташвиқот тадбирлари доирасида кўчага олиб чиқилган.

«Кўча жуда совуқ. Энди тасаввур қилинг, шу изғиринда курткасиз ёш болага қанчалик совуқ. Шу тарғиботингизни иссиқроқ кунларга қолдирсангиз бўларди. Одамни қадри бўлмаса ҳам, болаларни қадрлайлик», — деб ёзган блогер.

«Gazeta.uz»нинг ёзишича, Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати вазир Шерзод Шерматов илгари барча мактаб директорлари ва ҳудудий халқ таълими бўлимлари раҳбарларини бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида қатъий огоҳлантирганини маълум қилди. «Бунга йўл қўйиш ёки ким биландир шу тарзда учрашиш тақиқланади. Вазир бу ҳақда қатъий огоҳлантирган», — деб таъкидланади вазирлик хабарида.

Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси вазиятни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилганлигини эълон қилди.