Андижонда юк машинаси 10 ва 3 ёшли қизалоқларни босиб кетиб, уйларнинг бирига бориб урилди

Андижонда юк машинаси 10 ва 3 ёшли қизалоқларни босиб кетиб, уйларнинг бирига бориб урилди

Фото: ИИВ Тергов департаменти

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида аянчли ЙТҲ содир бўлди. Volvo юк машинаси ҳайдовчиси икки нафар қизалоқни босиб кетди ва хонадонларнинг бирига бориб урилиб, ўзи ҳам ҳалок бўлди.

Фото: ИИВ Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, воқеа 28 сентябрь куни соат 17:20 ларда содир бўлган. Қирғизистон фуқароси бўлган 28 ёшли ҳайдовчи Ш.Л. Volvo (Қирғизистонга тегишли) юк машинасида Булоқбоши тумани «Саноат» МФЙ, Гастроль кўчасидан ўтган Булоқбоши—Андижон автомашина қатнов йўлининг Булоқбоши йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган вақтида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган. Сўнг йўл четида ҳаракатланиб келаётган қизлар — 10 ёшли Б.А. ва 3 ёшли К.Н.ни босиб ўтиб, шу ердаги хонадонларнинг бирига бориб урилган.

Маълум қилинишича, қизлар касалхонада, ҳайдовчи эса воқеа жойида вафот этган.

ЙТҲ юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши келгуси тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувига ўтказилган.