«Андижондаги биргина воқеа мамлакат ижобий имижини яратиш йўлидаги ҳаракатларни ювиб кетди»

«Андижондаги биргина воқеа мамлакат ижобий имижини яратиш йўлидаги ҳаракатларни ювиб кетди»

Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг фуқаролик сектори вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилган навбатдаги жамоатчилик мулоқоти бошланди.

Маълум қилинишича, мулоқотда ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга амал қилиши, зўравонлик ва қийноқларга йўл қўймаслик, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, бу жараёнда фуқаролар иштирокини кенгайтириш ҳамда уларнинг аҳоли билан мулоқоти масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Жамоатчилик мулоқоти ННТ, Ички ишлар вазирлиги, таҳлил марказлари, парламент аъзолари, ҳуқуқшунослар, журналистлар, блогерлар ва давлат идоралари мутахассисларини бир майдонга жамлади. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ННТ фаоллари ҳам видеоконференсалоқа орқали иштирок этмоқда.

Беҳруз Ҳамзаев | Фото: «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 

«Зиёфорум» ННТ директори ўринбосари Беҳруз Ҳамзаев ИИВ ходимлари томонидан фуқаронинг ўлдирилиши Ўзбекистон имижига қандай таъсир қилиши ҳақида гапирди:

— Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон давлат туризм қўмитаси томонидан мамлакатимиз имижи ва брендини яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Катта маблағлар ҳам сарфланди. Хабарингиз бор, дунёнинг етакчи блогерлари таклиф қилинди.

Нуфузли “New York Times” нашрида сайёҳларни Ўзбекистонга ташриф буюришга ундовчи мақолалар чоп этилди. Бу жуда яхши натижа эди. Ундан ташқари, ўтган йили “Economist” журналида Ўзбекистон «Йил мамлакати» сифатида эътироф этилди. “World Bank”нинг “Doing Business” индексида 20 та яхшиланаётган давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилди.

Биласизми, бундай натижага эришиш учун кўпчиликнинг меҳнати сингди. Лекин Андижондаги биргина шу воқеа ҳақида бир куннинг ўзида “Reuters”, “Relf”, “New York Times”, “Diplomat” ва бошқа йирик нашрлар ёзиб чиқди. Бу эса шу пайтга қадар мамлакатимизнинг ижобий имижини яратиш йўлида қилинган шунча саъй-ҳаракатни ювиб кетди - дейди Беҳруз Ҳамзаев.