Андижонлик деҳқонлар давлатга 286 минг тоннадан орти ғалла сотишди

Андижонлик деҳқонлар давлатга 286 минг тоннадан орти ғалла сотишди

Андижон вилояти ғаллакорлари қарийб 11 ойдан буён фидокорона меҳнат қилиб, бугун давлат эҳтиёжларига дон сотиш шартномавий режасини бажарди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, давлат омборларига 286 минг тоннадан ортиқ сара ва сифатли дон топширилиб, шартнома шартларини 100,3 фоиздан ошириб бажарилган.

«Хусусан, давлат эҳтиёжларига дон топшириш шартнома шартлари Шаҳрихон туманида 107 фоизга, Асака туманида 105 фоизга, Олтинкўл туманида 104 фоизга, Балиқчи, Улуғнор ва Андижон туманларида 103 фоизга, Булоқбоши, Пахтаобод, Избоскан туманларида 102 фоизга, Бўстон ва Марҳамат туманларида 100 фоиздан ошириб бажарилди» - дейилади хабарда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «2020 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудда жорий йил ҳосили учун 76,2 минг гектар майдонларда кузги бошоқли дон экинларини экиш ишлари амалга оширилган.

Жорий йилда Андижон вилоятида ялпи дон ишлаб чиқариш кўрсаткичи бугунги кунга қадар қарийб 550 минг тоннани ташкил этган эди, ҳар гектардан олинган ҳосилдорлик вилоят бўйича ўртача 75 центнерга яқин бўлди.

Вилоятда донни йиғиштириб олинмаган яна 2 минг 800 гектардан ортиқ майдонлар бўлиб, ғаллазорларда ўрим-йиғим қизғин давом эттирилмоқда.