Ўзбекистонлик икки муҳожир Россияда ёш болани қутқариб қолди

Ўзбекистонлик икки муҳожир Россияда ёш болани қутқариб қолди

Фото Mk.ru

Москва вилоятининг Подолск шаҳридаги 1-сонли уй-жойларни таъмирлаш корхонаси ишчилари Бекмурод Турдалиев ва Шербек Солиев шаҳар қаҳрамонлари бўлишди. Улар тўртинчи қават балконидан йиқилиб тушган икки ёшли болани қутқариб қолишди: уни адёлга тутиб қолишди. Бу ҳақда МК сайти хабар бермоқда.

Бола балкондан ташқарига чиқиб, 20 дақиқа давомида осилиб турди. Кейин эса қўлларини қўйиб юбориб пастга қулади. Ўша пайт 21 ёшли онаси уйда ухлаётган эди, полициянинг аниқлашича, аёл маст ҳолатда бўлган.

"Йигитлар майсага қараётган эди. Кейин улар менга қўнғироқ қилишди ва 4 қаватдаги балконнинг ташқарисида ёш бола осилиб ётганини ва қичқираётганини айтишди. У баланд овозда йиғлаб, онасини чақирди. Учинчи қаватдаги бир аёл бизга чойшабни олиб келди. Биз адёлни пастки қаватга ёйдик ва яна 20 дақиқа кутдик. Кейин у чарчаган қўлларини очиб юборди ва тўғри адёлнинг устига тушди, - деди Бекмурод Турдалиев МКга, - Бешовимиз адёлни ушлаб турдик, ўша уйдаги маҳаллий йигитлар бизга ёрдам беришди".

Маълум бўлишича, Бекмурод 10 йилдан бери Подолскда яшайди ва шу вақтгача у округ ҳудудини ривожлантириш бўйича бригадада ишлаб келяпти. У кўп боланинг отаси: олти ўғил ва учта қизчаси бор, улардан иккитаси эгизак. Оиласи бир муддат Подолскда яшаган ва январда Андижонга қайтишган.