Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






«Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар»ни сақлаб қолишнинг 2 та йўли бор...»
28.10.2020 20:09,  
1506

Давлат солиқ қўмитаси ва тегишли вазирликлар! Ўзбекистоннинг салкам 0,1 фоиз аҳолисига ёрдам бера оласизми?

Бугун юртимиздаги 2 та катта шакар заводи – «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар»нинг барча ишчи-ходимлари бирин-кетин ишдан бўшатилмоқда. Ўзбекистонда пандемия шароитида аҳолини иш билан банд қилиш энг долзарб муаммо бўлиб турган бир пайтда 3000 – 4000 одамнинг ишдан кетиши... Бунинг сабабини аниқлаш мақсадида «Ангрен-шакар» шакар заводи мутасаддиси билан боғландик. Унинг илтимосига кўра, исм-шарифини ошкор қилмадик.

– 2020 йил 3 апрелда Президентимиз томонидан «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5978-сон Фармон имзоланди. Унда 2020 йил охиригача божхона божи ва акциз солиғисиз олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари орасида шакар ҳам бор (ТИФ ТН коди – 170199). Бундан унумли фойдаланиб, маҳаллий тадбиркорлар қўшни давлатлар, хусусан, Қозоғистон орқали кўп миқдорда шакар олиб киряпти. Импорт шакарларга қўйилган солиқлар олиб ташлангани сабаб четдан келаётган шакар ва шакар маҳсулотлари нархи арзон. Натижада бозорда маҳаллий шакарга талаб тушиб кетди. Бозорда рақобат муҳити бузилди.

«Ангрен шакар», «Хоразм шакар» 2017 йилдан буён Евросиё стандартлари бўйича шакар ишлаб чиқаради. Аҳоли эса четдан кираётган шакарни сотиб олмоқда, чунки арзон-да. Биз Лотин Америкасидан шакар хомашёси сотиб олиб, Европа стандартларига мос шакар ишлаб чиқарамиз. Аммо арзон импорт шакарлар маҳаллий шакарларни бозордан сиқиб чиқарди. Оқибатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар – «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» инқирозга учради. Эндиликда ортиқ фаолият олиб бора олмаймиз...

– Айтинг-чи, иккала заводни ҳам сақлаб қолиш учун нима қилиш керак? Ахир шунча ишчилар?..

– Иш ўринлари сақлаб қолиниши учун рақобатчиларимиз билан тенг имтиёз берилиши керак.

Биз шакарни биржа орқали сотамиз. Четдан шакар олиб кираётганлар эса эркин сотишади. Бу ўз-ўзидан нархга таъсир қилмай қолмайди.

Минглаб ишчи-ходимлар ишсиз қолмаслиги ҳамда заводни инқироздан сақлаб қолишнинг 2 та йўли бор – бизга ҳам рақобатчиларимизга берилган солиқ имтиёзи берилиши керак. Иккинчиси юқоридаги Фармонда белгиланган солиқ имтиёзидан озод қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари ичидан шакарни чиқариб ташлаш зарур. Четдан олиб келинаётган шакар маҳсулотига аввалгидек солиқ тўлаш мажбурияти қўйилиши ёки «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар»га ҳам солиқ имтиёзи берилиши билангина муаммога ечим топса бўлади деб ўйлайман.

Интервью берувчининг мана бу гаплари эса мени ниҳоятда таъсирлантирди: «Завод раҳбари менга шундай деди: «Эртадан ишга фақат қоровул келиши мумкин».

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари келтирилган. Унда ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органи ё ташкилотга, уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши белгиланган.

Қонунни бекорга келтирмадик. Зудлик билан иккала завод маъмурияти бу борада мурожаат қилишлари зарур. Биз эса давлат ташкилотларига шундай деб қоламиз: ҳозир мурожаатларни нафақат 15-30 кун, балки 15-30 сонияга-да кечиктирмай кўрадиган пайт. Зеро, завод ишчи-ходимлари ва оилалари ярим-бир ойлаб пулсиз қандай яшайди?

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан