Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"Anorbank"нинг "Очиқ хат"ига очиқ хат
16.10.2022 22:36,  
4761

Очиқ хат!

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига ва бошқа иқтисодий фаолиятларни ўрганувчи ташкилотларга мурожаат.

2022 йилнинг 14 октябрь санасида sof.uz иқтисодий, информацион таҳлилий-танқидий сайти “Anorbank”нинг “молиявий фокуслари” мижозларни нега ғазаблантирди?” номли кўрсатув анонсини ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлади. Шундан сўнг, таҳририятга турли мазмундаги қўнғироқ ва хабарлар сони кўпайди. Ана шундай уринишлардан аксарини таҳдид, босим ва “келишув”га тарғиб қилувчи ҳаракатлар ташкил этди.

Жумладан, sof.uz сайтига “Anorbank” акциядорлик тижорат банки (АТБ)нинг PR ва реклама фаолиятини амалга оширувчи агентлигининг бир ходимаси қўнғироқ қилиб, “ушбу кўрсатувни сайт тармоқларига жойламаслик учун кўришиб, келишиб” олишни таклиф этди.

Мазкур “элчи”га рад жавоби берилгач, турли ижтимоий тармоқларда ушбу банкка оид фейк хабар тарқатилганлиги, бу маълумотлар асоссиз ва нотўғри эканлигини ифодаловчи хабарлар тарқалди.

Ушбу хабарларга кўра, гўёки “Anorbank” АТБ мазкур кўрсатувга “Раддия” (Расмий муносабат) билдирган эмиш. Бироқ ғалати жойи шундаки, 2022 йилнинг 14 октябрь санасида эълон қилинган анонс ва 15 октябрь санасида сайтнинг YouTube тармоғига жойланган кўрсатувга “Anor bank” хизматлари ҳақида негатив материаллар чоп этилган. Банк расмий саҳифаларида мазкур ҳолатга муносабат билдирибди”, дея тарқалган хабарларнинг аксаридаги ҳавола “Anorbank” АТБ нинг матбуот хизмати томонидан 2022 йилнинг 4 октябрь санасида эълон қилинган “Расмий муносабат”ига йўналтиради. Қизиқ, бундан аён бўладики, “Anorbank” АТБ sof.uz’да эълон қилинажак мақолани 10 кун аввал билган экан-да. Anorbank’парвар ижтимоий тармоқ сайт ва каналлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг реклама нархларини аниқлашга уриниб кўрдик. Уларни реклама нархларини жамлаганимизда 100 миллиондан ошиб кетганига гувоҳ бўлдик. Бу бир тахмин албатта, аммо ҳозир кимгадир текин ғамхўрлик қилувчи бирор сайт ва канални топиш мушкул.

Шунингдек, 2022 йилнинг 15 октябрь санасида “Anorbank” АТБ ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидаги Очиқ хатида “маълум бир медиа хизмати биз билан реклама шартномасини тузишга муваффақ бўлмаган ҳолда, банкка режалаштирилган ахборот ҳужумини уюштиришга ҳаракат қилмоқда”, дея таъкидлаган. Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, “Anorbank” АТБ ўзи билан ҳали шартномаси тугамаган амалда ўзаро келишуви мавжуд бўлган “агентлик”ни гўёки ўзи билан “реклама шартномасини тузишга муваффақ бўлмаган”лиги сабабли “ахборот ҳужумини уюштириш”да айблаяпти.

Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, sof.uz сайтининг реклама сиёсати билан шуғулланувчи реклама ва PR агентлиги аллақачон (2022 йил, май ойидан буён) “Anorbank” билан тижорий ҳамкорликни йўлга қўйган ва ҳали тугалланмаган шартномага эга бўлса-да, шартнома туза олмаётганлиги иддао қилинган. Бу ахир қайси мантиққа тўғри келади.

Шу ўринда, яна баъзи мулоҳазаларимиз жавобсиз қолмоқда, мисол учун:

– Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати кўрсатувда келтирилган ҳолатларни аллақачон ўз назоратига олиши керак эмасмиди? Агар ушбу жараён Марказий банк томонидан назоратга олинган бўлса, нега бу ҳақида жамоатчиликка эълон берилмади?;

– “Anorbank” АТБ Sof.uz сайтига осилмасдан, кўрсатувда иштирок этган фуқаролар билан учрашиб, муаммоси нимада эканини аниқлаб, фактлар билан жавоб бериши ёйинки ўз тизимидаги мавжуд бўшлиқларни аниқлаб унга чора кўриши керак эмасмиди? Бундан ташқари ушбу мавзуга доир изоҳларда қолдирилаётган фикрлардан хулоса чиқарилса яхши бўлармиди? Ҳар ҳолда халқимизда “дўст ачитиб гапиради” деган нақл бежизга айтилмаган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелдаги “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмайди. Ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд уларнинг нашрдан бутунлай олиб ташланишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас”, дея ёзиб қўйилганлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелдаги “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига мувофиқ, “ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳам қайд этилган. Шунингдек, sof.uz Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва бошқа мутасадди ташкилотларга Марказий банкнинг “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида низоми, шунингдек ушбу низомга 2019 йилнинг 15 октябрдан кучга кирган тузатишларга мувофиқ фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, манфаатларини поймол бўлмаслигини, ёки банк томонидан тўлиқ тушунтириш бермаслик йўли ва бошқа бир қатор ҳолатларга ойдинлик киритишни, ушбу жараённи холис ва чуқур таҳлил этилишини таъминлашингизни сўрайди.

Мухтасар қиладиган бўлсак, раддия бериш муаммо эмас, биз бундан қочмаймиз ҳам. Аммо, нима деб раддия бериш кераклигини билмасак, хатто уни банкдагилар ҳам билмаса, раддия ҳақида қандай гап бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан