Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Антиқа партиялар
27.02.2016 11:21,  
5

Аммо дунёда шундай партиялар ҳам борки, уларнинг номини эшитибоқ нияти жиддийлигига шубҳа қила бошлайсиз. Айтайлик, Чиройлилар партияси ҳукумат бошига келиб қолса, фақат чиройлиларга эътибор қаратадими?..

 

Пивони хуш кўрувчилар партияси, Россия

Мазкур партияга 1993 йилнинг декабрида асос солинган. Қай вазиятдан ташкил топганинини тасаввур қилиш қийин эмас – пивохўрлик чоғида, албатта. 1994 йилнинг 9 августида Пивони хуш кўрувчилар партияси Россия Федерацияси Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтди, бироқ 1998 йилда қайта рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни тақдим этмади.

2011 йилнинг 3 ноябрида Фейсбук ижтимоий тармоғида Пивони хуш кўрувчилар партиясининг саҳифаси пайдо бўлди ва партия фаолияти қайта тиклангани маълум қилинди. Ушбу саҳифа ҳозир ҳам мавжуд. Партия раҳбариятининг айтишича, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар туфайли айни пайтда расман рўйхатдан ўтишнинг иложи бўлмапти.

Бу партияга қўшилиш учун пивохўр бўлиш шарт эмас, унинг дастурига кўра, пиво ичиб-ичмаслик ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Партия ўз ичида бир нечта фракцияларга бўлинган: Импорт пивони ёқтирадиганлар, Татуировка ихлосмандлари, Газак ишқибозлари, Арақни хуш кўрадиганлар, Ичмайдиганлар ва ҳоказо.  

Пивони хуш кўрувчилар партияси 1995 йил декабрида Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат думасига сайловда қатнашиб, 428 727 та овоз (жами сайловчиларнинг 0,62 фоизи) тўплашга муваффақ бўлган. Ўшанда пивосеварлар 43 та партия ичида 21-ўринни эгаллаган эди.

Пивони хуш кўрувчилар партияси Белоруссия ва Украина ҳам бор эди. Белоруссиядагиси 1997 йилда Адлия вазирлигининг қарори билан ёпилди, Украинадагиси эса 2000 йилда номини Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш партиясига ўзгартирди.

Чиройлилар партияси, Руминия

Бу партияга 2010 йилда Санзиана Буруяна исмли 23 ёшли модель асос солган эди. У ортиқча вазнлиларга 12 евро миқдорида жарима солишни таклиф этди, турмуш ўртоғига хиёнат қилганлар ҳам жарима тўлайди – 120 евро.

Партия дастурида малласочлар ҳақида ҳазиллашиш қатъиян тақиқланди. “Агар кимдир бу мавзуда ҳазил қилса, ўша заҳоти турмага жўнатилади”, – дея огоҳлантирди Буруяна. Бундай кескин тақиқнинг сабаби моделнинг ўзи малласоч экани билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас.

Санзиана Буруяна Чиройлилар партияси ёрдамида Руминиянинг обрўсини ошириш ва мамлакатга кўпроқ сайёҳ жалб этиш мумкинлигини айтган эди. Очилганида овозаси бутун дунёга кетган Чиройлилар партиясининг бугунги тақдиридан бехабармиз, ҳали ҳам бор бўлса, ҳайратланмай иложи йўқ. Сайёҳларга хизмат кўрсатадиган йўлбошчилар чўмилиш кийимидаги моделлар бўлиши кераклигини айтган партиядан нимани кутиш мумкин?..

Дангасаларнинг ишидан виждонан бўйин товлайдиганлар партияси, Дания

1979 йилда комик актёр Якоб Хаугаард Дангасаларнинг ишидан виждонан бўйин товлайдиганлар партиясига асос солди. Партиянинг ваъдалари номи каби ғалати эди: Рождествода ҳаммани энг яхши совғалар билан таъминлаш, кун тартибини саккиз соат бўш вақт, саккиз соат дам олиш вақти ва саккиз соат уйқу вақти этиб белгилаш, яхши об-ҳаво маълумотларини тақдим этиш, супермаркетларда навбатни камайтириш ва ҳоказо. Ҳазио ўз йўлига, аммо Хаугаард партияси ташкил топганидан бери депутатликка интилиб келди ва ниҳоят 1994 йилда бунга эришди. Очиғи, буни ҳатто актёрнинг ўзи ҳам кутмаган эди. Аммо Дания парламентида кечган тўрт йил Якоб Хаугаард учун катта сабоқ бўлди – у қайтиб ҳеч қачон депутат бўлмасликка қарор қилди. Депутатликдан қутулгани учун эса каттагина зиёфат уюштирди.

Чўчқа ёғини хуш кўрадиганлар партияси, Украина

2008 йилда Украинанинг Луцк шаҳрида “Чўчқа ёғига муҳаббат ила” деб номланган фестиваль бўлиб ўтди. Фестиваль доирасида чўчқа ёғи қўшиб торт пиширилди, чўчқани қандай боқиш кераклиги ҳақида фикр алмашилди, турли қизиқарли танловлар уюштирилди. 

Пировардида фестиваль қатнашчилари барча украиналикларни чўчқа ёғи бирлаштириши мумкин деган хулосага келишди ва Чўчқа ёғини хуш кўрадиганлар партиясини тузишга қарор қилишди. Аммо уларга расман фаолият кўрсатиш насиб этмади, чунки Адлия вазирлиги партияни рўйхатдан ўтказишдан бош тортди.

 “Каркидон” партияси, Канада

 

1968 йилда тузилган “Каркидон” партияси ҳеч қандай дастури йўқлиги билан ном қозонган эди. Партия аъзолари сайловларда ўзларига маъқул дастурлар билан қатнашган. Аввалига “Каркидон” партиясининг бир аъзоси парламент депутатлиги учун курашган бўлса, кейинчалик уларнинг сони 120 нафарга етди.

Партия ғалатидан-ғалати таклифларни билдирган: қишни ва гравитация қонунини бекор қилиш, ўлимга сабаб бўлгани учун қурол ва ёғни тақиқлаш, барча қонунларни бекор қилиш орқали жиноятчиликни тугатиш, сақичдан пул ўрнида фойдаланиш ва ҳоказо. Ҳатто Бельгияда суратга олинган мультфильмлардан бирида каркидон ўлдирилгани учун ушбу давлатга қарши уруш очиш кераклигини айтган. Лекин кейинроқ партия раҳбарияти уруш ҳақидаги фикрини ўзгартириб, тинчлик сулҳи учун Бельгиядан бир қути мидия (моллюска) ва бир қути пиво талаб қилди. Қизиғи, Бельгиянинг Канададаги элчихонаси бу талабни амалга оширган, “Каркидон”дагиларнинг сазаси ўлмасин дейишгандир-да.  

“Каркидон” партияси бизнинг кунларга етиб келолмади: 1993 йилда Канада қонунлари ўзгаргани туфайли ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан