Анвар Намозов. 37-йил жаллодлари

Анвар Намозов. 37-йил жаллодлари

Ваҳоланки, бу касб эгалари орасида ўзига хос рекорд қўйганлар ҳам бор. Шахсан Василий Блохин 10 — 15 минг, Пётр Магго эса 10 минг маҳкумни отиб ўлдиришган. Аксарият жаллодлар ўз ажали билан ўлим топишган ва ҳурмат-эҳтиром билан дафн қилинган...

Қўрқинчли рақамлар

ГУЛАГ арзипелаги! Биз у ҳақида тилга олмоқчи эмасмиз. ГУЛАГ жазо машинасининг бир қисми эди, холос. У ердаги юз минглаб одамлар азоб-уқубат чеккани етмагандек, отув хоналари ва полигонларда ҳаёт йўлларига нуқта қўйилди. НКВД (кейинроқ МГБ) худди машина каби ишлайдиган отув тизимини ишлаб чиққан эди.

Бу тизимнинг миқёси ҳайрат ва даҳшатга солади. Қатағон даврининг чўққиси, 1937 йили 353.074 киши отилган, бу эса — кунига 1000 маҳбус ўлдирилган дегани! 1938 йили — 328.618 маҳкум қатл этилган. Кейинроқ отилганлар сони қисқарди (1939 йили — 2.552, 1940 йили — 1.649, 1950 йили эса — 1.609, Сталиннинг ўлимига қадар ҳар йили тахминан шунча киши олий жазога ҳукм қилинган). Шунга қарамай, бу йилларда маҳбусларни отиш билан машғул ходимларнинг ишлари етарли эди — гоҳ ўн минглаб польяк офицерларини (Катин, Калинин), гоҳ иккинчи жаҳон уруши қочоқларини қатл этишарди.

Отувларнинг катта қисми (60 фоизгача) Лубянкадаги узоққа чўзилмаган сўроқлар ва ҳибсда ўтириш ҳамда “тройка”нинг судсиз ҳукмидан кейин Москвада амалга оширилар эди. Шу боис НКВД “стахановчилари”, асосан, пойтахтда ишлашган. Уларнинг доираси чегараланган — бутун Москва бўйлаб 10 — 15 минг киши эди. Жаллодларнинг кам сонли бўлгани сабабини бу ишни амалга оширадиганларни топиш қийинлиги билан изоҳлаш мумкин. Ҳақиқий жаллод ўз касбининг устаси бўлиши: руҳий жиҳатдан чидамли (ваҳоланки, гоҳида энг тажрибали стахановчиларнинг психикаси ҳам дош бермаган), профессионал кўникмага эга, сир тута биладиган (ҳатто жаллодларнинг яқин инсонлари ҳам уларнинг НКВД идорасида нима иш билан шуғулланишларини билмаган) ва ўз ишига садоқатли бўлмоғи шарт эди.

Шундай жаллодлардан бири рекордчи — Василий Михайловчи Блохин бўлган. У узоқ давом этган меҳнат фаолияти давомида 15.000 одамнинг ҳаётига нуқта қўйган (айрим манбаларда 20.000). Бошқа икки совриндор — Пётр Иванович Магго ва С.Н.Надарая эса тахминан 10.000 нафардан маҳкумни қатл этишган.

Василий Иванович Блохин 1895 йили Владимир вилоятида камбағал деҳқон оиласида туғилган. 15 ёшида Москвада тош йўнувчи бўлиб ишлай бошлаган. Кейин ўзини ҳарбий соҳага бағишлади. Биринчи жаҳон урушигача унтер-офицер унвонига эга бўлди. 1921 йилдан ЧК идорасида фаолият кўрсатди. 1926 йилдан эса ОГПУ-НКВД-МГБ коменданти курсисига ўтирди. 1953 йилгача — пенсига чиққунига қадар шу лавозимда ишлаб, маҳкумларни отишга раҳбарлик қилди. У комендантлик амали бўлганида, яъни ишидан ажралмаган ҳолда Москва меъморчилик-қурилиш институтини тугатди. Зиёли одамга айланди.

Блохиннинг иши оғир эди. Тахминан 15 кишидан иборат отув командасидан фақат ёлғиз угина соғлом ҳолда пенсияга етиб борди. Бу, афтидан, ишлаб чиқаришдаги техника хавфсизлигига ҳамиша риоя қилгани ва иш жойида ичкиликка ружу қўймагани туфайли бўлса керак.

Қатл олдидан маъруза

Жаллодлардан бири Емельянов шундай хотирлайди: “Турган гапки, биз ҳушимизни йўқотгунча ароқ ичардик. Начора, ишимиз енгил эмас эди. Шу қадар толиқардикки, зўрға оёқда турардик. Атирда ювинганмиз. Белимизгача. Акс ҳолда қон ва порох ҳидидан халос бўлолмасдик. Биздан, ҳатто итлар ўзини олиб қочар, увлаганда ҳам узоқдан ҳуришарди”.

Ўлим ижрочилари ҳаётда эрта вафот этишган ёки ақлдан озишган. Ахир, бу ишдан қандай қилиб касал бўлмаслик мумкин? Ўз ажали билан ўлганлар — Юсис (1931 йили), Магго (1941), Василий Шигалёв (1942) ва унинг укаси Иван Шигалёв (1944). Кўпчилик Емельянов каби руҳий хасталик туфайли ногирон бўлиб ёки Мачга ўхшаб асабий-руҳий касалликка дучор бўлиб, пенсияга чиқишди. Емельяновни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқда шундай дейилган: “Ўрт. Емельянов касаллиги (шизофрения) сабабли пенсияга кузатилади, бу унинг тезкор идораларда ҳаддан ташқари узоқ ишлагани билан боғлиқ”.

Пётр Иванович Магго эса, бир куни 20 нафар маҳкумни отиб бўлгач, шунчалик қаҳр-ғазабга тўлдики, ёнида турган алоҳида ишлар бўйича бўлим бошлиғи Поповни қурбон билан адаштириб бақириб юборди: “Сен нега турибсан? Уст-бошингни еч! Тез бўл! Акс ҳолда турган жойингда отиб ташлайман!” Қўрқиб кетган Попов ўз ишига берилган мутаассибдан зўрға қутулди.

Нимадир бўлиб, Магго унинг бошлиғи И.Д.Бергнинг қўлига тушиб қолди. Берг Магго айтган сўзларга таяниб, ёзма ҳисоботида “кўпчилик маҳкумлар “Яшасин, Сталин!” деб ўлиши”ни қайд этди. Раҳбариятнинг мазкур ҳисобот ҳошиясига ёзган кўрсатмаси шундай бўлди: “отишга маҳкум этилганлар энг ноқулай вазиятда ҳам доҳий номини бадном қилмасликлари учун улар ўртасида тарбиявий ишлар олиб борилсин”. Пётр Ивановичнинг отиш олдидан маъруза ўқишига тўғри келди.

Маго Новодевичье мозорига кўмилган. Вақти-вақти билан кимдир унинг қабрига “жаллод” деган ёзувни ташлаб кетади.

Василий Иванович Блохин эса отиш олдидан керакли чарм кийимлари — тиззасидан паст этакни тақар, қўнжи тирсаккача етадиган қўлқоп кияр ва бошига шляпасини бостирарди. Отишдан аввал ва кейин шошилмай чой ичишни хуш кўрарди. У болалигидан отларни ёқтирган (10 ёшида чўпонлик қилган) ва иш оралиғидаги танаффусда бу жониворлар расми акс этган китобларни варақлаган. Ўлимидан кейин Блохиннинг йилқичилик ҳақидаги тахминан 700 та китобдан ибрат кутубхона қолди. Бу одам бўшашишни уддаларди.

Дарвоқе, Катинини отиш ишига айнан Блохин раҳбарлик қилди ва шахсан ўзи 700 нафар маҳкумга қарата ўқ узди.

1991 йили СССР ҳарбий бош прокуратурасида сўроқ қилган ушбу отув гуруҳи аъзоларидан бири, Калинин вилояти УНКВД собиқ бошлиғи Токарёв қуйидагиларни гапириб берган:

 “Яблоков (терговчи): — Агар мен тўғри тушунган бўлсам, польяк ҳарбий маҳбусларини “Вальтер”дан отишган. Тўғрими?

Токарёв: — Ҳа, “Валтер”дан. Яхши эслаб қолганимнинг боиси, бу қуролни жомадонга тўлдириб олиб келишарди. Блохиннинг ўзи раҳбарлик қиларди. У тўппончаларни берар, иш якунлангач эса тўппончалар йиғиб олинарди. Блохиннинг ўзи йиғарди”.

Василий Иванович Блохин 1955 йили Новодевиче қабристонида дафн этилди. Бу шарафли жойда бошқа сталинчи жаллодлар ҳам кўмилган. Дарвоқе, Берия ҳисбга олинганидан сўнг Блохинни генерал-майор унвони ва 8 та ордени, шунингдек, 3150 рубллик пенсиясидан (ўшанда мамлакат миқёсида ўртача маош 700 рубль эди) маҳрум қилишди. Блохин бундай “қатағон”ларга чидай олмади ва инфаркт туфайли ҳаётдан кўз юмди. 1960 йилнинг охирида, ўлимидан сўнг унвони ва орденларини қайтаришди, обрў-эътибори ва аввалги ҳуқуқлари амалий жиҳатдан тикланди.

Ичкиликбозлик ва мукофотлар

Отув ҳақиқатда ўзига хос санъатга айланган эди. Пётр Магго тажрибасиз жаллодларга шундай деб ўргатган:

 “Отишга элтаётган одамнинг қўллари албатта орқасига боғланган бўлиши шарт. Унга олдинга юришни буюрасан, ўзинг эса қўлингда наган (тўппонча) билан орқасидан эргашасан. Керакли жойда “ўнгга”, “чапга” деб амр қиласан. Қипиқ ёки тупроқ тайёрлаб қўйилган жойгача шу тариқа олиб борасан. У ерда ствол энсасига қўйилади ва трррах! Бир вақтнинг ўзида юмшоқ жойига қаттиқ тепасан. Гимнастёркага қон сачрамаслиги ва хотининг яна қайтадан ювмаслиги учун”.

Қуйида эса юқорида тилга олинган Токарёвнинг 1940 йил 5 апрелда польяк офицерлари қандай отилгани ҳақидаги тасвири келтирилади:

"Блохин “Қани, кетдик, юринглар, бошлаймиз” деб имо қилди. Кейин эгнига махсус кийимлари: малла чарм шляпа, узун чарм плашч, қўнжи тирсагини ишғол қиладиган малла чарм қўлқопларини кийди. Бу менда катта таассурот қолдирди — мен жаллодни кўрдим.

Блохин ва Рубанов йўлак бўйлаб одамларни биттадан олиб келишар, кейин қизил хона жойлашган ўнг томонга ўгиришарди. Бу ерда турли тарғибот-ташвиқот плакатлари илинган, Лениннинг гипс ҳайкалчаси бор эди. Қизил хона ёки Ленин хонаси 5х5 метр ўлчамдан иборат эди. Бу ерда маҳбусдан исми ва туғилган санасини сўраб, сўнгги бор шахсини текширишарди. Кейин ҳеч қандай хато бўлмаслиги учун рўйхатга белгилаб қўйишарди.

Ниҳоят польяк офицери ёки полициячисига кишан уриб, “жисмоний жазо камераси”га олиб боришарди. У ерда маҳбуснинг бошига орқасидан ўқ узиб, ҳаётига нуқта қўйиларди...” Тажрибали жаллодлар қандай иш тутганини ёзишга қалам ожиз. Этинг жунжикиб кетади, киши. Улар қай тариқа ўқ узишса, қон кам чиқишини билишарди. Бир кунда камида 250 кишининг умрига зомин бўлишарди.

Мурдаларни қотиллик қилинган камерадан захира эшик орқали кутиб турган юк машинасига улоқтиришган. Бу автоулов ҳар куни мия ва қондан тозалаб ювилган. Жасадлар устини (ҳар бир автомобилда 25 — 30 та) брезент билан ёпишарди. “Операция”дан сўнг Блохин уларни ёқиб юборишга буйруқ берарди. Автомобилга улоқтирилган жасадларни Медноедан унча олис бўлмаган ўрмондаги умумий ўрага олиб боришарди. Бу улкан хандақни НКВДчи, экскаватор бошқарувчиси ўзининг ёрдамчиси билан қазиб қўйган бўларди.

Осташководаги барча маҳкумлар йўқ қилингач, Блохин 6300 дан зиёд одамни ўлдирганлар учун махсус ичкиликбозлик зиёфатини уюштирди. Унинг ўзи бир ойлик маоши миқдорида мукофот пули олди. Рағбат сифатида кимгадир наган, велосипед, патефон берилди. Кўпинча эса бундай тақдирланишлар отувдан аввал бўлиб ўтарди.

Отганлар ҳам... отилсин!

Юқорида қайд этилганидек, Сталиннинг ўлимидан сўнг жаллодлар деярли жазоланмаган. Бу борада Нараян энг кўп “жабр кўрган” ҳисобланади. У Л.П.Бериянинг шахсий қўриқчилиги бошлиғи вазифасида хизмат қилган эди. Универсал мутахассис — терговни шахсан ўзи олиб борган ва шахсан ўзи отган. Меҳнат унумдорлигига эришган — бир кечада 50 тагача “ижро”! 1955 йили Нараян 10 йилга лагерга ҳукм қилинди. 1965 йили озод этилди ва пенсионер сифатида Грузияда хотиржам яшади.

Мартабаси пастроқ жаллодлар (юз нафар маҳкумни қатл қилганлар) орасида ўзлари отилганлар ҳам бор. Бу борада 1937 йил октябрда Карелиянинг Сандармоха шаҳри “Соловецкий босқичи”даги оммавий отишда иштирок этган НКВДчилар тақдирини кўрсатиш мумкин (ўшанда салкам икки минг мурда бўлган).

Отишлар 27 октябрда бошланди, кейин эса тўрт кунлик танаффус бўлди. Сабаби, маҳбуслардан бири қочгани боис дили сиёҳ бўлган бош жаллод Матвеев сурункасига ичиб олган эди (кўп ўтмай ўша маҳбусни тутиб олишди ва қатл қилинди). 1 ноябрда отиш тадбири тикланиб, 4 ноябргача давом эттирилди. Операциядан сўнг баъзи жаллодлар мукофотланди, айримлари эса (декабрь ойида, яъни бир ой ўтгач) ҳибсга олинди.

Масалан, УНКВД идорасининг 1937 йил 20 декабрдаги буйруғига кўра, “контрреволюцияга қарши курашда фидокорлик кўрсатган” “Соловецкий босқичи” бош жаллоди Матвеев қимматбаҳо мукофот — пластинкаси бўлган радиола, тезкор бригаданинг бошқа аъзолари эса Коровин русумли тўппончалар ва соатлар билан тақдирланишди.

 “Соловецкий босқичи” отувида иштирок этган ёхуд бевосита бу ишга алоқадор кўплаб ходимлар ҳибсга олинди ва Москвага юборилди. Улар — СССР ГУГБ НКВДнинг 10-қамоқхонаси бошлиғи москвалик Николай (Лука) Антонов-Грисюк, яна бир москвалик — давлат хавфсизлиги катта майори, сув транспорти халқ комиссари ўринбосари Вейншток Яков Маркович эди.

Операция ўтказилиши учун Карлагдан махсус чақиртирилган, Қарағанда ИТЛ 2-бўлими бошлиғи Всеволод Михайлович Круковский ҳам ҳибсга олинди. Шунингдек, Ленинград вилояти прокурори, учлик аъзоси Б.П.Позерн қамоққа олиниб, Москвага юборилди.

Уларнинг барчаси жосуслик ва қўпорувчиликда айбланиб, Москвада суд қилинди ва отиб ташланди, мурдалари ёқиб юбориш учун Дон крематорийсига жўнатилди. Ажабланарлиси, бу маҳкумларни вақтида улар билан ёнма-ён ишлаган ҳамкасби Василий Михайлович Блохин қатл қилди.

Аввал бошлиқ, сўнг маҳбус, кейин яна… бошлиқ

Жаллодлик қилиб, кейин отилган барча НКВДчиларнинг обрў-эътиборлари кейинчалик турли йилларда оқланиб, илгари ҳуқуқлари тикланди.

Орадан бир йил ўтиб, 1939 йил март ойида Л.П.Берия санкциясига кўра, Сандормохдаги “Соловецкий босқичи”нинг бош ижрочиси Матвеев ҳам ҳибсга олинди (“сафни берияча тозалаш” туфайли).

Бироқ “Соловецкий босқичи”даги бошқа жаллодлардан фарқли ўлароқ, Матвеевнинг тақдири омадли кечди. У НКВД ЛВО ҳарбий қўшинлари трибунали томонидан РСФСР жиноят кодексининг 103-17 “а” моддасига мувофиқ, 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Иш СССР олий суди ҳарбий коллегияси томонидан қайта кўриб чиқилгач эса, жазо муддати 3 йилгача қисқартирилди. Мукофотлари сақлаб қолинди. Матвеев жазони Волголагда ўтади, бироздан сўнг эса, муддатидан олдин озод қилишди.

Уруш вақтида Матвеев аллақачон УНКГБ ички ҳибсхонаси бошлиғи лавозимини эгаллаган эди. Аввалги мукофотлари қаторига Ленин ордени қўшилди. Матвеев баъзида олдинги ҳунарига такрорлаб турар — маҳкумларга қарата ўқ узарди. У рисоладагидек умр кечириб, Брежнев замонида ўз ажали билан вафот этди.

 “Соловецкий босқичи”даги яна бир жаллод Гарин (400 нафарга яқин одамни қатл қилган) 1938 йилнинг баҳорида Карелия лагери бошлиғи вазифасига ўтказилди. У орадан икки йил ўтиб, 1940 йили юрак хуружи туфайли вафот этди ва ҳурмат-эҳтиром билан Новодевичье қабристонига дафн қилинди.

Жаллод Раевский (300 маҳкумни отган) Бериянинг санкциясига мувофиқ, “Соловка ороли лагеридаги маҳбуслар ўртасида мавжуд бўлган контрреволюцион исёнчилар ташкилоти раҳнамоларидан бири” сифатида ҳибсга олинди. Ужлагдаги жарима пункти изоляторида жазони ўтади. Хрушчёв даврида оқланганидан сўнг унинг подполковник унвони тикланди.

Мазкур иш бўйича судланган жаллод Коллегов эса ҳукмга кўра отиб ташланиб, кейинчалик вафотидан сўнг шон-шарафи тикланди.

Бу жаллодларнинг барчаси бугун айримлар назарида “сталинча қатағон қурбонлари” ҳисобланади. Улардан баъзиларининг исм-шарифи, ҳатто ФСБ (федерал хизматлар бюроси) шарафлар залига ҳам киритилган.

ziyouz.uz сайтидан олинди