Apple компанияси ўз тарихидаги энг қиммат турувчи ва энг кучли компьютери савдоси бошланганини эълон қилди. Компьютер Mac Pro оиласига мансуб бўлиб, унинг базавий варианти мониторсиз 5999 доллар, энг қиммат варианти 53 минг долларга яқин туради.
Компьютернинг базавий варианти 8 ядроли Intel Xeon процессори, 32 Гб тезкор хотира ва 256 Гбайтли қаттиқ диск билан жиҳозланган.
Энг қиммат версияси 2,5 гигагерцли 28 та ядрога эга Intel Xeon W процессори, 1,5 терабайт тезкор хотира, 2 та 64 Гбайтли Radeon Pro Vega II Duo график процессори, 4 терабайтли қаттиқ диск ва 400 долларлик ғилдиракчалар олган.
Компьютер учун Pro Display XDR дисплейи 4999 доллардан 5999 долларгача нархда алоҳида сотилади.
Компьютер такомиллашган совитиш тизими билан таъминланган бўлиб, у 80 фоизга самаралироқ ишлайди.
Янги компьютерни мураккаб вазифаларни бажаришда, мисол учун, 3D графика, фото ва видео ахборотни қайта ишлашда қўллаш тавсия қилинган. Янги Mac Pro ҳозирча фақатгина АҚШда таклиф қилинмоқда.
Қайд этиш жоиз, компьютернинг энг қиммат варианти Teslaʼнинг Model 3 электрокаридан (56990 доллар) бироз арзонроқ, ноябрда тақдим этилган Tesla Cybertuck моделидан (39900 доллар) эса анча қимматроқ туради.