АҚШ Германиядаги қўшинларининг бир қисмини олиб чиқиб кетмоқчи

АҚШ Германиядаги қўшинларининг бир қисмини олиб чиқиб кетмоқчи

АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг «Рамштейн» базаси, Германия Фото: AP

Президент Доналд Трамп АҚШнинг Германиядаги қўшин сонини камайтиришни буюрди. Америка овози нашрининг хабар беришича, келаси ойлар ичида 9500 аскар мамлакатдан олиб чиқилади. Ҳозирда у ерда 34 500 америкалик ҳарбий хизматда.

АҚШ расмийларидан бирининг айтишича, режани амалга ошириш учун бир неча ойдан бери тайёргарлик кўрилган. Қарор, дейди у, Президент Трамп ва Германия канцлери Ангела Меркел ўртасидаги тарангликка алоқадор эмас.

«The Wall Street Journal» газетасининг ёзишича, янги тартиб бўйича АҚШнинг Германиядаги доимий қўшинлари сонига 25 минглик лимит белгиланади. Яъни улар сони ҳеч бир вақт шунчадан ошмаслиги керак.

Трамп маъмуриятидаги яна бир манбага кўра, Германиядан олиб чиқилажак 9500 аскар бошқа иттифоқчи давлатларга, жумладан, Полшага жўнатилади. Бир қисми уйга қайтади. Унинг таъкидлашича, НАТО ҳарбий альянсига аъзо давлатлар ҳарбий бюджетини оширгани боис Германиядаги йирик ҳарбий контингентга ҳожат йўқ.

Трамп маъмурияти ва Европадаги иттифоқчилар узоқ йиллик ҳамкорлик шартномалари юзасидан баҳслашиб келади. Вашингтон Германияни ўз мудофааси учун етарлича маблағ сарфламаётганликда танқид қилади.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши сўзловчиси Жон Олетга кўра, Трамп олий қўмондон сифатида АҚШнинг хориждаги кучларига мунтазам баҳо бериб боради.

«Қўшма Штатлар яқин иттифоқчимиз Германия билан мудофаа ва бошқа муҳим масалаларда ўзаро ҳамкорликка содиқ қолади», - дейди расмий.

Трампнинг қўшин сонини камайтириш қарорини Германияда консерватив сиёсатчилар танқид қилса, сўлчилар олқишламоқда. Полша эса кўпроқ америкалик ҳарбийларни қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

«НАТОга мустаҳкам шерик эканимизни кўрсатганмиз. Германияда жойлашган АҚШ қўшинларининг бир қисми Полшага келади деган умиддаман», - дейди Полша Бош вазири Матеуш Мораветский.