АҚШ Марказий Осиёда Россия ташвиқотига қарши молиявий ёрдам ажратади

АҚШ Марказий Осиёда Россия ташвиқотига қарши молиявий ёрдам ажратади

©️ VOA News

АҚШ Давлат Департаменти ва АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (U.S. Agency for International Development – USAID) 2021 молиявий йил учун бюджет харажатлари дастурини эълон қилди. Унда 2021 йил учун Давлат Департаменти ва АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги давлат ғазнасидан жами 41 миллиард доллар сўраётгани, бу маблағ АҚШ фуқароларини мамлакат ташқарисида ҳимоя қилиш, Америка фаровонлигини таъминлаш ва демократик жамиятлар ривожига кўмаклашиш учун зарурлиги қайд этилган. 

Дастурда айтилишича, дунёда АҚШга рақобатчи давлатлар ўсиб бораётган шароитда Ҳинд-Тинч океани минтақаси давлатларини қўллаб-қувватлаш; Хитой, Россия ва Эроннинг зарарли таъсирига қарши туриш; инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликни ҳимоя қилиш; АҚШ чегаралари хавфсизлигини таъминлаш ва Американинг иттифоқчиларига ёрдам бериш миллий хавфсизликни ва иқтисодий ҳамкорларни кучлироқ қилади. 

Давлат Департаменти дастурига кўра, Европа, Евросиё ва Марказий Осиёда Россиянинг дезинформацияси ва ташвиқотига қарши туриш, унинг зарарли таъсиридан ҳимояланиш учун 763,8 миллион доллар миқдорида хорижий ёрдам ва 24 миллион доллар миқдорида аниқ мақсадларда молиялаш (турли ахборот нашрлари қўллаб-қувватлаш тарзида кўмак бериш) кўзда тутилган. 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 2-3 феврал кунлари Ўзбекистонда бўлган АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Марказий Осиё давлатлари ҳақида “...Улар Хитой ва Россия таъсири бор минтақада жойлашган. Биз улар бажаришини хоҳлаётган, Америка бу ерда қилаётган иш уларнинг тўғри қарорлар қабул қилиш қобилиятини, қонунлар асосида шаффоф бошқарувга эришишини қўллаб-қувватлашдир”, деганди

Россиянинг Марказий Осиё ахборот маконига фаол таъсир қилиши, расмий Кремл қўллаб-қувватлайдиган “троллар фабрикаси” ижтимоий тармоқларда Россия сиёсатини тарғиб қилиш бьилан шуғулланиши ҳақида 2014 йилда Украинада келиб чиққан можаролардан бери айтиб келинади. Ҳатто 2019 йил январида қароргоҳи АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Facebook ижтимоий тармоғи Ўзбекистонда очилгани даъво қилинган кўплаб сохта саҳифа (page) ва ҳисобларни (account) ўчириб ташлаган, компания ўз қарорини “ушбу саҳифа ва ҳисоблар Россия ташвиқоти учун ишлайди”, деб изоҳлаган эди.