АҚШ монополияга қарши курашиш регулятори судда Facebook’дан Instagram ва WhatsApp’ни сотиб юборишни талаб қилди

АҚШ монополияга қарши курашиш регулятори судда Facebook’дан Instagram ва WhatsApp’ни сотиб юборишни талаб қилди

АҚШ Федерал савдо комиссияси (FTC) Facebook устидан судга даъво аризасини киритди, деб хабар беради Meduza.

Регуляторнинг фикрича, Facebook узоқ йиллардан бери «истиқболли рақиблар»ни сотиб олишни ўз ичига олган «тизимли стратегия» доирасида «ижтимоий тармоқлардаги монополия линиясини ноқонуний равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда».

FTC томонидан судга киритилган даъвода Facebook’ка Instagram ва WhatsApp’ни сотиш, шунингдек, келажакда бу каби сервисларни сотиб олишга рухсат сўраш мажбуриятини юклаш сўралган.

FTC’нинг даъво аризасига 46 та штатнинг прокурорлари ҳамда Колумбия ва Гуам округи прокурорлари қўшилган.

Эслатиб ўтамиз, Facebook WhatsApp мессенжерини 2014 йилда 19 миллиард долларга, суратлар билан алмашишга мўлжалланган Instagram’ни эса 2012 йилда миллиард долларга сотиб олган.

2019 йилнинг майида Facebook асосчиларидан бири Крис Хьюз New York Times’га ёзган колонкасида Facebook, Instagram ва WhatsApp’ни бир-биридан мустақил компанияларга ажратиб ташлашни таклиф қилиб, АҚШ ҳукуматини ижтимоий тармоқлар таъсирини чеклашга чақирган эди. Ўшанда Марк Цукерберг Facebook’дан унга тегишли WhatsApp ва Instagram’ни алоҳида компания қилиб ажратиб ташлаш, ижтимоий тармоқ олдида турган муаммоларни ечишга ёрдам бермаслигини маълум қилган.