АҚШ Мудофаа вазири Трампнинг фикрларига қарши чиқди

АҚШ Мудофаа вазири Трампнинг фикрларига қарши чиқди

АҚШ Мудофаа вазири Марк Эспер ва президент Доналд Трамп

АҚШнинг кўплаб шаҳарларида полиция зўравонлиги ва ирқчиликка қарши намойишлар давом этмоқда. Жорий этилган комендант соати ҳамда коронавирусга қарамай, ўн минглаб одам кўчага чиққан.

Ҳафта бошида Президент Доналд Трамп намойишларни бостириш учун губернатор рухсатисиз штатларга мунтазам армия кучларини киритиш ваколатини берувчи қонунни ишга солишга дўқ-пўписа қилган эди, бироқ Мудофаа вазири Марк Эспернинг айтишича, мунтазам қўшинлар фақат фавқулодда ва оғир вазиятларда жалб қилиниши керак.

“Ҳозир вазият ундай эмас. «Исён ҳақидаги қонун» кучга киритилишига қаршиман”, - деди у.

Америка Овози нашрининг хабар беришича, сўнгги икки кун пойтахт Вашингтондаги намойишлар тинч ўтганидан сўнг Эспер бунгача кўчага сафарбар этилган 200 аскарга базага қайтишни буюрди, бироқ Оқ уйдаги учрашув кетидан қарорини ўзгартирди.

Трампнинг намойишларни бостиришга қаратилган ҳаракатлари ва чоралари унинг рейтингини тушириб юборди.

Намойишлар Миннеаполис шаҳрида қора танли Жорж Флойднинг оқ танли полициячи қўлидан ўлиши кетидан бошланган. АҚШнинг ҳаётдаги барча собиқ президентлари, жумладан, Жимми Картер, Жорж Буш ва Билл Клинтон Жорж Флойд ўлимини қоралади.

АҚШда нега норозилик намойишлари бўляпти? (видео)

Намойишлар АҚШдаги ирқий тенгсизликнинг турли қатламларини ошкор этди.

«Хоҳ уй-жой масаласи бўлсин, хоҳ бандлик, хоҳ давлат мактаблари, ирқий тенгсизликни ҳаммасида кўриш мумкин. Давлат мактабларидан қамоқхонагача бўлган йўл ҳақида кўп гапирамиз. Муаммо фақат ёмон полициячи ёки полиция камераларида эмас. Миллионлаб америкаликлар учун тизим тубдан бузуқ ва хато бўлгани учун кўчада бу қадар кўп одамларни кўряпмиз», - деди Техас университетидан Пениел Жозеф.

Аввалига Жорж Флойднинг ўлими учун эҳтиётсизлик сабаб қотиллик содир этган деб учинчи даражали қотилликда айбланган полициячи Дерек Шовинга қарши айблов ўзгартирилиб, у энди иккинчи даражали қотилликда айбланмоқда, яъни ниятсиз қасддан ўлдиришда. Шовин атрофида турган уч полициячига қотилликка ёрдам бериш ва уни қўзғатиш айблови қўйилди.