АҚШ Олий судининг энг қари судяси Рут Бейдер Гинзбург вафот этди

АҚШ Олий судининг энг қари судяси Рут Бейдер Гинзбург вафот этди

Фото: Reuters

АҚШ Олий судининг энг кекса аъзоси Рут Бейдер Гинзбург 87 ёшида вафот этди. Ўлимига ошқозон ости бези саратони сабаб бўлган, деб ёзмоқда Reuters.

Гинзбург хоним 1993 йилда Олий судга тайинланган. У тарихда ушбу лавозимни эгаллаган иккинчи аёл эди. У ерда Гинзбург хоним 27 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаган. Reuters судяни "америкалик либералларнинг тимсолига айланган аёллар ҳуқуқлари фаоли" деб атади.

Reuters 

 

Гинзбург хонимнинг ўлими суднинг мафкуравий мувозанатини ўзгартириши мумкин. Ҳозирда 9 та Олий судя орасида кўпчилик республикачилар президент томонидан тайинланган. Агар АҚШнинг амалдаги Президенти Доналд Трамп бўш турган лавозимга ўз номзодни таклиф қилса, уни республикачилар кўпчилигига эга Сенат қўллаб-қувватлаши мумкин. Шундай қилиб, кучлар мувозанати кўп йиллар республикачилар фойдасига мустаҳкамланади.

Шу фонда АҚШ Сенатидаги Демократик озчиликлар етакчиси Чак Шумер ушбу лавозимни навбатдаги президент сайловларига қадар бўш қолдиришга чақирмоқда. «Америка халқи навбатдаги Олий суд судясини танлашда ўз сўзини айтиши керак. Шунинг учун, бизда янги президент пайдо бўлмагунча, бу вакансияни тўлдириш мумкин эмас», - деб ёзди у Twitter'да.

NPR радиосининг хабар беришича, Гинзбург хоним ўлимидан бир неча кун олдин набираси Клара Сперага янги судяни тайинлаш тўғрисида айтган. "Менинг энг катта истагим шуки, янги президент тайинланмагунча мени алмаштиришмайди", - деган эди у.

АҚШнинг Висконсин универистети докторанти асли ўзбекистонлик иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ушбу воқеани 2020 йилнинг энг муҳим ўзгариши деб атади.

"Ҳақиқатдан катта йўқотиш. Менимча бутун дунё учун. Лекин дунё буни ҳали англамади", - деб ёзади Ҳошимов ўзининг блогида.

"Америка овози" нашри журналисти Беҳзод Мамадиев ҳам "бу АҚШ сиёсий ҳаётида, айниқса, сайлов арафасида катта воқеа" эканлигини таъкидламоқда.