АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинликларни қандай баҳолади?

АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинликларни қандай баҳолади?

АҚШ Давлат департаментининг Халқаро диний эркинлик бўйича 2019 йилги ҳисоботини эълон қилди.

«Тадбирда Давлат котиби Майк Помпео нутқ сўзлар экан, ўз фуқароларининг эътиқод эркинлигига қарши босим ва тўсиқларга барҳам бериш мақсадида дадил қадам ташлаган мамлакатларни санаб ўтди. Улар орасида, узоқ йиллар диний репрессия қўлланиб келинган собиқ совет иттифоқи таркибида бўлган Марказий Осиё давлатларидан Ўзбекистон ҳам бор эди» -эди дейилади Америка овози хабарида.

«Ўзбекистон диний эркинлик борасидаги кўрсаткичларини яхшилаш учун зарур чораларни қўллади, улар ҳануз амалда. 2019 йилда рўйхатдан ўтмаган диний гуруҳлар жамоатини таъқиб қилиш ҳолатлари қайд этилмади. 2018 йилда Ўзбекистонда шу мақсадда 114 та рейд ўтказилган эди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 240 та бўлган», - деди давлат котиби.

АҚШнинг диний эркинлик бўйича элчиси Сем Браунбек ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг эътиқод эркинлиги учун замин яратиш йўлида қўллаган муҳим чора-тадбирларини ижобий баҳолади.

“Олдинга интилишни истайдиган ҳукумат билан ишлаш мамнуният бағишлайди. Президент Шавкат Мирзиёев бу борада эҳтиёткор. «Ўн марта ўлчаб, бир марта кесиш керак»лигини таъкидлади президент. Унинг фикрини қўллаб-қувватлайман. Бироқ, олдинга интилишдан тўхтаб қолмаслик лозим”, - деди элчи.

Браунбек ҳам ўтган йилда Ўзбекистонда диний институтларда рейдлар ўтказилмаганини эътироф этди. Шунингдек, бошқа ютуқларга ҳам урғу берди:

«18 ёшдан кичиклар авваллари Ўзбекистонда масжидга киритилмас эди. Бу тақиқ олиб ташланди. Мамлакатда саккизта ибодатхона рўйхатга олинди. Бизнингча, бу рўйхат кенгайиб бориши лозим. Шунингдек, эркинлик сарҳадлари ҳам кенгайиши муҳим. Биз шу пайтга қадар қилинган ишлардан мамнунмиз».

Элчининг таъкидлашича, эътиқод эркинлигини таъминлаш билан мамлакатлар иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликка эришади. Бироқ ислоҳотлар давомий бўлиши лозимлигини унутмаслик керак.

«Бу қисқа фурсатда натижа берадиган иш эмас. Натижа учун замин ҳозирлаш керак. Уруғ қадаш учун унумдор тупроқ бўлиши лозим. Ҳосилини олиш учун вақт керак», - деди Браунбек. Ўзбекистонда айни дамда ана шу «унумдор тупроқ» ҳозир бор, дейди элчи. «Ҳосил олиш учун жараённи давом эттириш лозим».