«АҚШ таълим тизимининг бизникидан фарқи ― у ерда китоб ўқилади» (видео)

«АҚШ таълим тизимининг бизникидан фарқи ― у ерда китоб ўқилади» (видео)

Фото: Youtube

АҚШнинг Колумбия университетига умрбод профессорлик (tenure track) лавозимига қабул қилинган илк ўзбек олимаси Азиза Шоназарова айни кунларда Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Шоназарова ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон ва АҚШ таълим тизимидаги бир қатор фарқларни санаб ўтди.

“АҚШда китоб ўқишади”

― Бизнинг таълим тизимимиз билан АҚШ таълим тизимининг фарқи ― у ерда китоб ўқилади. Китобни фақат талаба ўқимайди, профессор ҳам ўқишга мажбур. Ўзининг соҳасида чиқаётган янги китоб ва тадқиқотлардан хабардор бўлиши керак. Билиши ва ўша нарса ҳақида гапира олиши керак. 

Бизнинг ўз тизимимиз атрофида, ўз қобиғимизда қолиб кетаётганимизнинг сабаби ҳам шу: биз дунёда бўлаётган янгиликлардан бохабар эмасмиз. Шунинг учун фақат ўзимизда, Ўзбекистон ичида айланаётган эски гапларга нимадир қўшиб, янгидан нималардир қилмоқчи бўламиз. Шуни тўғрилашимиз ҳам керак.

“Талабалар ўзига ёққан фанларни ўқийди”

― Шарқшуносликни битирганман. Бизда жадвал, "расписание" бўларди. Биз ўша бўйича ўқирдик. Бу нарса Америкада йўқ. Биринчи курсларда бор, уларнинг мажбурий оладиган курслари бўлади. Иккинчи курсдан буёғига талабалар ўзига ёққан мутахассислик бўйича дарс олади. Талаба ўзининг дастурини ўзи тузади. Раҳбарлар бириктирилади, улар билан маслаҳатлашиб, ўзига ёққан дарсларга ёзилади.

Ўқиш жуда ҳам қиммат. Шунинг учун улар ўзининг хоҳши билан ўқийди. Шу ҳам бизда катта фарқ бўлса керак.

МАВЗУГА ДОИР: Азиза Шаназарова Колумбия университетининг илк ўзбек профессори бўлди

“Фақат қуруқ ёдлаш эмас”

― Дарсларда эслайман, конспектлар ёздиришарди. Кўп конспектлар ёзганим эсимда. Домла китобдан ўқиб берарди. Бу нарса АҚШда умуман йўқ. Нима қиламиз биз? “Syllabus” деган нарса бор. Бу – домла томонидан ҳар бир дарс учун тузиладиган жадвал. Ўша жадвалда баҳо қандай қўйилиши, талабанинг “5” баҳо олиш учун нима ишлар қилиши кераклиги, ҳар ҳафта қандай китоблар ўқилиши жадвали берилади.

Биринчи дарс бошланганда ўша жадвал ҳаммага тарқатилади. Домла билан талаба ўртасида ўша жадвал асосий воситачи бўлади. Талаба домладан нима қилишимиз керак, нима ўқишимиз керак, деб сўрайвермайди, ўзи мустақил равишда ўрганади.

Дарсликлар ҳам йўқ. Талабалар ҳар битта ҳафтага бўлинган мавзу бўйича дунёнинг энг нуфузли манбаларидаги мақолаларни ўқийди. Биз дарслик ўқитмаймиз. Ёки китоблардан бўлаклар. Бунинг учун домланинг ўзи нима нуфузли эканлигини яхши билиши керак. Талабалар жуда ҳам кўп ўқишади. 

Дарсларимда 2-, 3-, 4-курслар бор. Улар ҳафтасига 100 бет ўқийди. Бу меъёрий ҳолат ҳисобланади. Бу битта дарсдан фақат. Бир вақтда минимум 5тача курс олади.

Дарсга ўқиб келганидан кейин ўша билимини мен билан бирга таҳлил қилади. Фақат қуруқ ёдлаш эмас. Талабанинг ўқиганини текшириш йўллари бор. Биз асосан таҳлилга эътибор берамиз. Таҳлилда ҳам шунчаки таҳлил эмас, балки танқидий таҳлил.

МАВЗУГА ДОИР: Президент етмишга яқин аёлларни фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлади (рўйхат) ​

Талабалар нафақат ўқиши, балки ўша мақолага нисбатан ўзида фикр пайдо бўлиши керак. Мақола деганда мен 25 бет атрофидаги материални айтяпман. Бу нарса бизда йўқ. Агар бизда шулар ички тизимга ўрнатилса, нафақат талаба, балки домлани ҳам ўқишга ўргатса, натижа бўлади. Улар шу дарсдан нимадир олиб чиқиб кетиши керак.

Ёшлигимда тенгдошларимда шунақа тушунча бўларди: институтга кирдим, энди диплом олиб кета оламан. Америкада унақа эмас. Ўқишлар қиммат бўлгани учун улар агар чиндан хоҳламаса, нима қилади пулини кетказиб? Шу нарсани тушуниб етишимиз керак. Ўқиш талабанинг ўзига керак. Диплом ҳеч нарса олиб бермайди, бу шунчаки қоғоз. Оладиган нарсаси – калласидаги билими".

Маълумот учун, Азиза Шоназарова Тошкент давлат шарқшунослик институтида бакалавр ва магистратура, Польшадаги Варшава университети, АҚШнинг Индиана-Блумингтон олийгоҳида магистратура босқичида ўқиган.

Дунёнинг етакчи Оҳайо, Манчестер, Варшава, Иллинойс, Сорбонна, Бонн, Пекин университетлари билан илмий ҳамкорлик олиб боради. Гендер тарихи, аёлларнинг Марказий Осиё тарихидаги ўрни, сўфийлик – унинг илмий иш мавзулари ҳисобланади.

МАВЗУГА ДОИР: Президент эътирофидан кейин Азиза Шоназарова Шарқшунослик институтида фахрий профессор ва кафедра мудири бўлди

Азиза Шоназарова Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тадбирда давлат раҳбари томонидан “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.