Федералист №1: Давлатга пойдевор қўйган "уч блогер" (1-мақола)

Федералист №1: Давлатга пойдевор қўйган

1787 йилнинг шамол учириб кетган кунлари... Шимолий Американинг бирлашган штатларидан иборат 11 яшарлик давлат ўзининг энг муҳим сиёсий инқирозини бошдан кечираётган эди. Бу инқироздан чиқиш осон кечмади, лекин АҚШ давлатчилиги пойдевори янада мустаҳкамланиб олди. Америкалик илғор зиёли қатлам сиёсий ислоҳотлар жарараёнида ўта муҳим бўлган маърифий ва ғоявий вазифани ўтаб берди.

Ўша даврдаги пойтахт Филаделфия шаҳрида йиғилган мажлис янги конституция лойиҳасини барча штатларга тақдим этди. Кўпгина штатлар ва айниқса энг нуфузли Нью-Йорк штатида янги конституцияни қабул қилмаслик кайфияти кучли эди. Қаршиликнинг асосий сабаби: штатлар ягона марказга бўйсуниб қолиши охир-оқибатда ўзлари ажралиб чиққан Британия империясининг нусxасини ҳосил қилади, деб баҳоладилар. Ундан ташқари баъзи доираларга тегишли тор сиёсий ва иқтисодий манфаатларнинг ўрни ҳам катта эди.

Шунда америкалик уч сиёсатчи ўз исмларини яшириб, “Публиус” (қадимги Рим республикаси асосчиларидан биринг исми) таxаллуси остида янги конституциянинг ғоявий асосларини баён қиладиган мақолаларни газеталарда чиқара бошладилар. Бу уч муаллиф: Александр Ҳамилтон, Жеймс Мадисон, Жон Жей. Сарлавҳада биз уларни шартли равишда блогерлар деб атадик.

Муаллифлар дастлаб 25 мақола чиқармоқчи бўлдилар, аммо жамоатчиликдаги қизғин баҳслар сабабли мақолалар сони 85 га етди. Бу газета матнлари ҳозирги кунда замонавий давлатчилик назариясига оид жонли мумтоз асарлар қаторида кўрилади.

Дарвоқе, уч аноним “блогерлар” кейинчалик етишган чўққилари ҳақида икки оғиз сўз:

  • - Александр Ҳамилтон 1795 йилда мамлакатнинг молия вазири этиб тайинланган.
  • - Жеймс Мадисон 1808 йилда АҚШнинг тўртинчи президенти бўлиб сайланади.
  • - Жон Жей 1784 йилда Ташқи ишлар вазири, 1789 йилда Олий Суд раиси, 1795 йилда Нью-Йорк губернатори лавозимларини эгаллаган.

Ушбу ва кейинги мақолаларимизда “Федералист” умумий ном остида чиққан мазкур сиёсий эсселарнинг ғояларини қисқа шаклда баён қилмоқчимиз. Умид қиламизки, бу мақолалар ўқувчиларда замонавий давлат бошқаруви ва сиёсий билимларга оид асосий тушунчалар шаклланишига имкон беради.

Федералист №1: Умумий кириш

Биринчи мақола Ҳамилтон тарафидан ёзилган бўлиб, “Индепендент Жоурнал” газетасида 1787 йилнинг 27 октябрида чоп этилган. Мақола Нью-Йорк аҳолисига мурожаат деб бошланиб, унда қуйидаги ғоялар акс этган:

  1. Муаллиф барча штатлар устидан федерал марказ бошқаруви бўлиши зарурати тарафдори эканлигин айтилади. Кейинги чиқадиган мақолаларида бунинг фойдаси ҳақида ақлий далилларга асослаб берилиши ваъда қилади.
  2. Одамлар ўз ақллари ва иxтиёрлари билан яхши ишлайдиган давлат тизимини бапро қила оладиларми? Ёки ҳар сафар бўлганидек, давлат зўравонликлар ва тасодифлар натижасида шаклланишга маҳкумми? Мана шу саволларга ижобий жавобни америкаликлар ўз ҳаракатлари ва намуналари билан бера олишларига муаллиф ишора қилади. Американинг бутун инсоният олдидаги миссияси мана шу вазифадан иборат бўлиши мумкинлиги айтилади.
  3. Тарқоқ штатларни бирлаштирадиган янги конституция тарaфдорлари ва уларга қарши тарафлар турли ниятда бўладилар. Рақиблар ичида ғаразли мақсaддагилар ҳам, умумий манфаатни кўзловчи холис ниятли шахслар ҳам мавжудлигини эътироф этиш керак. Эзгу ниятли сиёсатчиларга турли туҳматлар қилиб, уларнинг яхши ишларини тўхтатиб қўйиш хавфи бор. Шунингдек, халқ учун курашни даъво қилиб чиққан демагоглар ҳокимиятга келганда золимга айлангани тарихда кўп учраган.

Мотивлар (ички мақсадлар, ниятлар) махфий қолишини эътироф қилган ҳолда, у ёки бу сиёсий ғоялар ақлий далиллар асосида муҳокамада бўлиши лозим. Сиёсий ғоялар диний ақидалар каби куч билан одамлар онгига сингдирилмаслиги шарт.

  1. Кучли ҳукумат республика принципларига биноан ишласа, халқ ва инсон эркинликларига тажовуз қила олмайди.

Кейинги мақола давлатнинг асосини бирлашган халқ ташкил этиши ҳақида бўлиб, уни Публиус таxаллуси остида Жон Жей ёзган. Федералист №2 “The Independent Journal”да 31 октябр 1787 йилда чоп этилган.

Бу ҳақда навбатдаги мақоламда ёзаман.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.