АҚШ ва Британия 5G ускуналар учун Huawei ширкати муқобилини излашмоқда

АҚШ ва Британия 5G ускуналар учун Huawei ширкати муқобилини излашмоқда

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ва Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб Лондоннинг 5G тармоқларида Хитойнинг Huawei технологиясидан фойдаланишни тақиқлаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Давлат департаменти баёнотига таяниб, РИА Новости хабар бермоқда.

"Давлат котиби ва ташқи ишлар вазири қўшимча 5G ускуналарини ишлаб чиқариш учун биргаликда ҳаракат қилишга келишиб олдилар", дейилади баёнотда.

Буюк Британия ҳукумати сешанба куни Британия телекоммуникация компанияларига 2021 йилдан Huawei компаниясидан 5G ускуналарини сотиб олиш тақиқланади ва 2027 йилга келиб Huawei'нинг мавжуд 5G тармоқ ускуналари муомаладан бутунлай чиқарилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилди. Буюк Британиянинг Маданият, рақамли технологиялар, спорт ва оммавий ахборот воситалари вазири Оливер Довденнинг таъкидлашича, ушбу қарор миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан ва АҚШ томонидан Huawei'га қарши киритилган санкциялардан келиб чиқади.

Йил бошида Буюк Британия ҳукумати Huawei'га мамлакатда 5G тармоғини чекланган асосда ривожлантиришга рухсат берди. Хитой компаниясининг технологияси миллий хавфсизлик билан боғлиқ бўлган тармоқнинг «сезгир» қисмларига йўл қўйилмаслиги режалаштирилган эди.

Бироқ, кейинчалик, расмийлар Британия операторлари 5G тармоқларини ўрнатишда АҚШнинг Huawei'га жорий қилган санкциялари остидаги ускунадан фойдаланишни бутунлай бекор қилиши керак деган қарорга келишди.

АҚШ Huawei'ни Хитой ҳарбийлари ва разведкаси билан ҳамкорлик қилишда ва харидорларни кузатувда айблайди ва бир қатор давлатларни 5G уяли алоқа стандартига ўтишда Huawei инфратузилмаси ва жиҳозларидан фойдаланмасликка ундайди. Хитой компаниясининг таъкидлашича, айбловлар асоссиз, сиёсий мотивларга асосланган ва бозор рақобати тамойилларига зиддир. 2019 йил май ойидан бери Huawei АҚШнинг қора рўйхатига киритган.