АҚШ хитойлик олимларни қувиб чиқармоқда

АҚШ хитойлик олимларни қувиб чиқармоқда

pinterest.com

Хитойлик олимлар АҚШдан қувиб чиқарилмоқда, хитойлик талабаларга виза берилмаяпти, америкалик олимлар хитойлик ҳамкасблари билан (ҳар қандай) алоқага киришса, “ФБР” таъқибига учрамоқда.

Энди икки баҳайбат давлат тўқнашувининг янги раунди бошланди – илғор технология ва илм-фан учун кураш. Бу қандай рўй беради ва қандай қурбонликларга олиб келади? Бу ҳақда Ildiz каналида мақола чоп этилди. Мақолани тўлиғича эътиборингизга ҳавола этамиз.

Бултур Силикон водийсида замонамизнинг энг машҳур физикларидан бири, Американинг Стэнфорд университети профессори, Нобел мукофотига номзод Чжан Шоучэн ҳалок бўлди. Унинг сирли ўлими ҳозиргача жиддий ўрганилмаган. Фақат бир нарса маълум: ҳаётининг охирги йилларини олим таъқибда ўтказган.

2018 йил март ойида АҚШ савдо вакили Роберт Лайтхайзер “Хитой томонидан аклий мулк ўғирлиги” мавзусида ҳисобот билан чиқиб, унда Пало-Альтода муваффақиятли фаолият олиб борадиган Чжан Шоучэн компаниясини ҳам тилга олиб ўтди.

Ноябрь ойида ҳисоботнинг янги талқини чиқдики, унда Чжан Шоучэн сал қолса АҚШ илғор технологияларининг ўғирланишида асосий айбдор деб топилди.

Ҳужжат “маккартизм” ғоялари билан йўғрилган, ва ўша даврдаги “ажойиб” услубда битилган эди.

Ҳисобот қуйидагича иборалар билан тўлиб-тошган эди: “Хитойнинг АҚШ илғор технологияларига сизиб кириши”, “хитойлик жосусларнинг ишга солиниши”, “Силикон водийсига хитойча тузум вакилларининг кириб келиши” ва ҳ.к.

Ҳам АҚШдан, ҳам ХХРдан олган грантлари ва мукофотлари билан Чжан Шоучэннинг ажойиб карьераси ёвуз мақсадга йўналган айғоқчилик деб топилган.

Олимга, шунингдек, хитойлик ақл эгаларини ватанга қайтариш бўйича ишлаб чиқилган “Минглаб истеъдод соҳиби” дастури доирасида унинг хитой ҳукуматидан олган гранти ва Huawei компанияси билан ҳамкорлик айблари ҳам қўйилган.

Анчадан бери АҚШ фуқароси ҳисобланган Чжан Шоучэн доимий равишда Стэнфорд университетида маъруза ўқиб келган. Барча илмий фаолиятини олим Америкада очиқ тарзда олиб борган. Лекин Лайтхайзернинг маърузаси ундан қандайдир бир жосусни ясадики, бу худди 1940-йиллардаги америка филмларини (films noires) эслатиб юборади.

Роберт Лайтхайзер – Оқ уйнинг кўзга кўринган тўраси. АҚШнинг тижорат вакиллиги бошлиғи сифатида, у АҚШ савдо урушларини назорат қилади – хусусан Хитой билан.

Унинг баёноти АҚШ махсус хизматлари учун “кўрсатма” вазифасини бажарди, ва ноябрда Чжан Шоучэн идорасига “фэбэр”чилар тафтиш билан келди.

Тергов ишлари бошланди. Чжан Шоучэнни сўроққа тортишди. 2018 йил 1 декабрда Канадада АҚШ сўрови бўйича Huawei компанияси асосчисининг қизи ҳибсга олинди. У билан Чжан Шоучэн ҳамкорлик қилган. Шу куннинг ўзида олим ўзини деразадан ирғитди.

Қариндошларининг айтишича, бу руҳий сиқилиш оқибатида ўз жонига қасд қилиш бўлган.

Лекин унинг ҳамкасби Сколтех профессори Артём Оганов “Огонёк” журналига берган суҳбатида “шу даражада соғлом, оптимист ва муваффақиятли одамни ўз жонига қасд қилишини тасаввур қилиш қийин”, деб айтди.

Дарҳол ишга қувғиндаги хитойлик олигарх Гуо Вэнгуй аралашди. У олимни хитой махсус хизмати ходимлари ўлдирган бўлиши мумкинлигига шама қилди: гўёки у Хитой Компартиясининг АҚШ технологияларини ўғирлаётгани тўғрисида қандайдир махфий маълумотларга эга бўлган.

Бундай ҳолат фақат хитойлик олимлар билан рўй бермаган: ядровий физика соҳасидаги машҳур эронлик мутахассислар ҳам умрининг энг гуллаган даврида ғаройиб тарзда ҳаётни эрта тарк этишган.

Машҳур хитойлик олимнинг жумбоқли ўлими атиги хамир учидан бир патир бўлди. Аслида хитойлик олимларни таъқиб қилиш АҚШда бир неча йиллардан бери давом этиб келмоқда. Бугунги кунда улар шундай кўлам касб этдики, илмий ҳамжамият вакиллари очиқчасига уларни “этник тозалаш” деб атамоқда.

Кўп йиллар давомида хитойлик талабалар (бугунда уларнинг сони АҚШда 300 минг атрофида) мамлакатнинг илғор университетларини доллар оқими билан муттасил таъминлаб келди.

Хитойлик олимлар америка лабораторияларида қойилмақом муваффақиятларга эришиб келди, кашфиётлар қилди, ўқитди-ўргатди, илмий мукофотлар олди ва АҚШ илм-фанига катта ҳисса қўшди.

Лекин бугунги кунда Трамп маъмурияти икки давлат ўртасидаги ҳар қандай ҳамкорликни пачағини чиқармоқда. Талабаларга визалар истар-истамас бериляпти. Олимларга кўп ҳолларда виза берилмаяпти.

Донғи кетган олимларни таъқиб қилиш “алвасти ови”ни ғоят эсга солади. Икки йил олдин хитойлик эр-хотин Ли Сяочжан ва Ли Шихуа (Атлантадаги Эмори университети профессорлари) антингтон тузалмас касаллиги соҳасида катта кашфиёт қилишди.

Қандайдир вақт давомида улар америка матбуоти қаҳрамонларига айланишди. Лекин бир йил ўтиб икковини ҳам университетдан четлатишди. На 23 йиллик меҳнат стажи, на АҚШфуқаролиги уларга ёрдам беролмади. Эр-хотинлар Хитойга қайтиб кетишга мажбур бўлди.

Ўшандай тақдирга Ву Сифень хоним ҳам йўлиққан. У саратон касаллиги билан кураш соҳасида дунёдаги етакчи мутахассислардан биридир.

У ишлаган Техас тадқиқот маркази, “ФБР” АҚШ илмий марказларига ХХР дан келган олимларни йўлатмаслик тўғрисидаги огоҳлантирувидан кейин, уни вазифасидан четлатишга мажбур бўлди.

Хонимнинг АҚШ паспорти ҳам ҳеч рол ўйнамади. Профессор америка технологияларини ўғирлашда айбланиб, мамлакатни тарк қилишга мажбурланган.

Бошида олимларнинг қатағонига баҳона уларнинг келиб чиқиши хитойлик экани бўлган. Кейинчалик эса, бугунга кунда америка ҳукумати хитойлик ҳамкасблари билан алоқа қилмоқчи бўлган ҳатто тоза қонли америкалик олимларни ҳам қатағонлашга киришди.

Иш шуниси билан мураккаблашмоқдаки, Хитой фаол равишда грант, стипендия ва турли хил мукофотлар билан ўз олимлари ва хорижликлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Америка илм-фани бюджетининг илм-фанга кам маблағ ажратаётганлиги манзарасида АҚШ олимлари ХХР грантларига талабномалар бермоқда. Лекин Хитойдан ҳар қандай “молиявий кўмак” олиш факти тобора жиноятдек бўлиб бормоқда.

Хитойлик олимлар таъқиби давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва энг тепадан мувофиқлаштириб борилади.

ФБР директори Кристофер Рей илғор технологияларини ўғирлаш борасида очиқчасига Хитойни “миллий хавфсизлик учун энг катта хавф” деб билишини маълум қилди.

Қонун ҳимоячиларининг эслатиб ўтишича, ХХР олимларига қарши террор Иккинчи жаҳон урушида японлар билан боғлиқ ҳолатга ўхшайди. Ўшанда келиб чиқиши япон бўлган америкаликлардан жосуслик ва зараркунандаликда гумонланишган ва лагерларга тиқишган. Лекин қўйилган айбларнинг ҳеч бири исботланмаган.

Америка ўзининг илғор технологиялари сизиб кетишини олдини олиш учун ҳар қандай чорани қўлламоқда. Лекин ҳамма тушуниб турибдики, поезд аллақачон жўнаб кетиб бўлган.

Бақувват юан Хитойга бутун дунё бўйлаб стартапларни сотиб олишга имкон бермоқда.

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.