Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






АҚШда коронавирусдан вафот этган ўзбекистонликлар сони қанча?
23.09.2020 11:43,  
728

АҚШ да ўлганлар сони 200 мингдан ортди, орасида ўзбекистонликлар ҳам бор - бунақаси ҳалича жаҳоннинг ҳеч бир давлатида кузатилмаган. АҚШ дунёнинг юз минглаб ўзбекистонликлар яшаб, ишлаб ва ўқиётган саноқли мамлакатларидан бири бўлади. Худди шу манзарада Америка Қўшма Штатларида коронавирусга чалинганлар сони жами 7 миллионга яқинлашди.

Бу ҳақда Би-Би-Си мақоласи билан танишинг. 

АҚШ ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган давлатилигича қолмоқда. Шу кунларда яна қатор штатларида коронвирус юқтириш ҳоллари жиддий ортган. Бу ҳам рақамлардаги сўнгги ўзгаришларга таъсир қилмай қолмаган.

Орада Америка Қўшма Штатларидаги коронавирус ҳолларининг учдан бир қисми Нью-Йоркка тўғри келиши айтилган. Айнан Нью-Йоркда Америкадаги энг кўп ўзбекистонликлар яшаб, истиқомат қилишади. Уларнинг сонлари бир неча ўн мингга нисбат берилади.

Шу пайтгача Америка Қўшма Штатларида коронавирусдан вафот этганларнинг уч нафари ўзбекистонлик экани расман тасдиқланган. Четда коронавирусдан вафот этган Ўзбекистон фуқароси билан боғлиқ расман тасдиқланган илк ўлим ҳолати ҳам Америка Қўшма Штатларида кузатилган.

Ўшанда Ўзбекистон четдаги фуқаролари коронавирус сабаб ҳаётдан кўз юмган биринчи минтақа давлатига ҳам айланганди. Расмий Тошкент хорижда коронавирусга чалинган фуқаролари ҳақидаги илк маълумотни шу йил апрель ойида эълон қилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотида четда энг кўп (10 нафар) коронавирус юқтирганлар сони айнан Америка Қўшма Штатлари ҳисобига тўғри келиши кўрилган. Худди ўша ойда вазирлик тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросининг хорижда коронавирусдан вафот этганини расман тасдиқлаган.

Бу ўлим ҳолларининг учтаси ҳам Америка Қўшма Штатларида қайд этилгани маълум бўлган, уларнинг барчаси ўша ернинг ўзида тупроққа қўйилганди.

Орада кечган вақт давомида штатларда яна қанча Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусга чалингани ва вирус сабаб, ҳаётда кўз юмганига оид аниқ маълумотлар ҳозирча имконсиз.

Би-би-си Ўзбек хизмати ўз изланишлари жараёнида Америка Қўшма Штатларидаги ўнлаб ўзбекистонликлар ўзларини коронавирусга текширтиришаётганини аниқлашга муваффақ бўлган.

Худди шу мавзуни ёритиши манзарасида дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари мисолида бўлгани каби АҚШ да ҳам умумий маълумотлар билан чекланилаётгани англашилганди.

Трамп, АҚШ ва коронавирус

Ўлим кўрсаткичларидаги сўнгги ўзгаришларни АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам беэътибор қолдирмаган, ўзининг муносабатини билдирган. "Бу - даҳшатли нарса" эканини айтаркан, яна "Хитой вирусни жиловлаб қолмагани"ни иддао қилган.

Худди шу фонда ўзининг коронавирусга оид сиёсатини ҳимоя қилишни ҳам унутмаган. Дональд Трампнинг даъво қилишича, чора кўришган, акс-ҳолда ўлим кўрсаткичлари "икки, икки ярим ва ҳатто уч миллионга етиши мумкин бўлган".

Америка Қўшма Штатларида илк коронавирус ҳолати расман шу йилнинг январь ойида қайд этилган. Орада кечган вақт давомида АҚШ президентининг пандемияга ёндашуви жиддий танқидлар остида қолиб келган.

АҚШ президентлигига Демократчи номзод Жо Байден ҳам шу ҳафта душанба куни яна бир бор ушбу масалага қайтган. "Дональд Трампнинг ёлғонлари ва ўз ишини эплай олмаётгани боис, Америка тарихидаги энг йирик инсоний йўқотишлардан бирига гувоҳ бўлиб турганликлари"ни айтган.

Жо Байденга кўра, "бу каби ростмана инқироз президентдан жиддий бошқарувни талаб қилади. Бу иш Трампнинг қўлидан келмаган. Қотиб қолган. Ўз вақтида чора кўрмаган. Ваҳимага тушиб қолган. Бунинг бадалини Америка тўлаган. Дунёнинг бошқа бирор бир давлати бу каби аҳволга тушмаган".

Сайловлардаги рақибининг бу танқидларини Дональд Трамп ҳам бежавоб қолдирмаган, худди ўша куннинг ўзида чиқиш қилган. "Ўзи ва маъмурияти "ажойиб иш" қилганлигини баён қилган, пандемияни аълога уддалагани"ни айтган.

Дональд Трампнинг айтишича, АҚШ "вакцина бўладими-йўқми, пандемияга бас келишнинг уддасидан чиқмоқда".

Ўзбекистон, миграция ва коронавирус

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган. Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг сўнгги сўровларидан бири Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган. 

Бугун хорижда турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони миллионларга нисбат берилади. Бу каби ҳолат Марказий Осиёнинг қолган бирор бир давлати мисолида кўрилмайди.

Коронавирус ҳозирга келиб дунёнинг энг кўп сонда ўзбекистонликлар ҳозир бўлган барча давлатларига кириб бориб бўлган.

Уларнинг орасида биргина меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони расман икки миллиондан ортиши айтилувчи Россия ҳам бор. Россия жорий пайтда энг кўп коронавирус ҳоллари қайд этилаётган собиқ Шўро давлати бўлади.

Ҳозирга келиб, Россияда жаъми коронавирус кўрсаткичлари бир миллиондан ортган, ўлим ҳоллари эса, умумий ҳисобда бир миллионга яқинлашган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан