АҚШда олтин дефицит бўлмоқда — WSJ

АҚШда олтин дефицит бўлмоқда — WSJ

Коронавирус пандемияси фонида америкалик инвесторлар ва банкирлар қуйма олтин ҳамда олтин тангалар етишмовчилиги (дефицити)га дуч келмоқдалар. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар беради.

Нашрининг таъкидлашича, Лондонда банкирлар Нью-Йорк биржасига қуйма олтин етказиб бериш учун хусусий ва ҳатто ҳарбий юк самолётларини ижарага олмоқдалар. Бундан ташқари Wall Street сармоядорлари Канададан ҳам ёрдам сўрашмоқда.

"Канада қироллик зарбхонаси Нью-Йоркка жўнатилиши кутилаётган олтин қуймалар учун талабга тўлиб-тошган" деб ёзади нашр.

1856 йилдан бери ўз қуйма тилларини зарб қилиб келаётган Credit Suisse Group AG гуруҳи бу ҳафта мижозларига тиллалар қолмаганини маълум қилди.

АҚШда фючерс шартномалари бўйича тилла нархи бу ҳафтада 9 %га ортди. Унциясига $1620 дан шартнома тузилмоқда. Бу нарх етти йиллик максимум ҳисобланади.

АҚШ коронавирус билан зарарланганлар сони бўйича биринчи ўринда турибди — 104 минг киши. 1695 нафар бемор вафот этди. Мамлакат раҳбари аҳоли оммавий тест қилинаётгани учун касалланган сони ортиб кетганини маълум қилди.