АҚШнинг энг йирик авиакомпанияси Boeing 737 Max эксплуатациясини қайта тикламоқда

АҚШнинг энг йирик авиакомпанияси Boeing 737 Max эксплуатациясини қайта тикламоқда

Фото: CNBC

2019 йилда АҚШнинг авиапарклар ҳажми ва парвозлар сони бўйича энг йирик авиакомпанияси American Airlines муаммоли бўлган Boeing 737 Max’ни йил охиригача хизматга қайтаради – агар регуляторлар тасдиқласа, деб хабар бермоқда Bloomberg.

Аввалига American Airlines 737 Max самолётларни фақат Маямидан Нью-Йорккача бўлган йўналишда фойдаланади. Бу рейс 29 декабрдан 4 январгача кунига бир марта йўлга қўйилади. Йўловчилар айнан Boeing 737 Max’да учишлари олдиндан огоҳлантирилади.

Кейинчалик Boeing 737 Max кенгроқ фойдаланилиши АҚШ Федерал авиатсия маъмурияти (FAA) қарорига боғлиқ.

Аввалроқ АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг комиссияси: 346 киши ҳалок бўлган Boeing 737 Max модели билан содир бўлган иккита бахтсиз ҳодиса Boeing ва FAA томонидан қўпол хавфсизлик бузилиши оқибатида келиб чиққани ҳақида хулоса берган эди.

Boeing учун асосий ҳаво лайнери бўлган 737 Max фойдаланишдан олингач, сўнгги 20 йил ичида илк бор компания йилни ё‘қотиш билан якунлаган эди.

Америкалик регулятор Boeing 737 Max’га июн ойида синов парвозларини тиклашга рухсат берди. Европа регулятори сентябр ойида самолёт хавфсизлигини эълон қилди.