Саудия Арабистони 5G ва 6G мобил тармоқларига, жумладан, ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам сармоя киритиш мажбуриятини олди. Бу ҳақда жума куни АҚШ президенти Жо Байден Саудия Арабистонида қироллик раҳбарияти билан учрашув якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
«Биз келгуси ўн йилликларда мамлакатларимиз яхшироқ жойлашишини таъминлашга қаратилган бир қатор янги келишувларга эришдик», деди у. «Саудия Арабистони бу ерда ҳам, келажакда ҳам ривожланаётган мамлакатларда хавфсиз ва ишончли 5G ва 6G тармоқларини яратиш учун АҚШ етакчилигидаги янги технологияларга сармоя киритади», деди Байден.
«Бу 5G технологияси лойиҳаси бу бизга бошқа платформалар, жумладан, Хитойдан рақобатда ғалаба қозониш имконини беради», деди Америка раҳбари.
Байден Саудия Арабистонига ўзининг Яқин Шарқ сафари доирасида жума куни биринчи расмий ташриф учун келди. У Жиддадаги Тинчлик саройида қирол Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд билан учрашди, шунингдек, делегациялар таркибида валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан музокаралар ўтказди.