Армен Саркисян кимни алдамоқчи бўляпти?

Армен Саркисян кимни алдамоқчи бўляпти?

CNN мухбири билан жонли ёйинга чиққан Арманистон президенти кўзларини лўқ қилиб, ҳеч тап тортмасдан ёлғонларни қалаштириб ташлабди. Мухбирнинг "Арманистон қўшинларини Тоғли Қорабоғ (ТҚ)дан олиб чиқиб кетадими?" деган саволига жавобидан оғзим ланг очилиб қолди. Эмишки, бу саволни Тоғли Қорабоғ аҳолисидан сўраш керакмиш. Чунки, улар минг йиллардан бери ўз тупроқларида яшаб келаётганмиш. Саркисян "арманлар ТҚда совет даврида ҳам аҳолининг 95 фоизини ташкил қилган" деворишдан тоймади.

Ереван аслида озарбайжонлар ривожлантирган шаҳар бўлиб, 1828 йили Ўрусия ва Қажар Эрони ўртасидаги сулҳ битимига кўра ўрисларга ўтгани, Эрондан 20 мингдан кўп армани шимолга кўчирилиб, озарбайжонларнинг кўпчилиги ҳозирги Туркия тарафга кетишга мажбур қолгани ҳақида олдин ҳам ёзгандим. Натижада, Ереванда 1830 йили армани аҳоли нисбати 34 фоизгача кўтарилган. 

Мусулмонлар аста-секин сиқиб чиқарилиши оқибатида ҳозир Ереван битта миллат яшайдиган дунёдаги ягона шаҳарга айланган. Арманилар бошкент аҳолисининг 99 фоизини ташкил қилиб, биттаям мусулмон йўқ. Сўнгги икки минг озарбайжон эса 1988-89-йиллардаги миллий низолардан кейин Еревандан чиқиб кетган. 

Мен Wikipediaда бутуниттифоқ аҳоли рўйхатлари натижаларига қарадим. Озарийлар 1979 йили ТҚ аҳолисининг 23 фоизини, 1989 йили эса 21,5 фоизини ташкил қилган. Саркисян айтганидек, у пайтлар арманилар 95 фоиз бўлмаган. Лекин, ҳозирги кунда жами аҳолиси 150 минг бўлган ТҚ аҳолиси 100% арманилардан иборат. 28 сентабрдан бери озарийлар олиб бораётган озодлик урушидан кейин аҳолининг ярми Арманистонга кўчиб кетишга улгурди.

Буни "қилмиш-қидирмиш" дейдилар.

Илова: Саркисяннинг ёлғонлари кўрсатилган ТҚ аҳоли демографияси бўйича рақамлар


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.