Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Асосий инстинкт”
17.12.2019 15:38,  
1057

Сайловчилар бошига “қовунлар” ёғилиб кетиши сабаби нимада? Партиялар нима деётганларини англамайдиларми?

Йўқ, бу тажрибасизликдан эмас, сиёсий кўрлик ёки омма олдида нутқ нўноқлигидан ҳам эмас. Бу шундай “ўзимизга хос ва мос” сайловолди популизми ва демагогия туридир. Одатда оммага ёқадиган нореал ваъдалар бериш — популизм, одамлар ҳиссиётлари билан ўйнайдиган сохта халқпарварликни намоён қилиш — демагогия деб аталади. Бунда асосий мақсад сайловчи овозини қозониш бўлади.

Ўзбекистон партиялари ҳам парламент ўринлари учун худди шундай популистик демагогия услубларини қўллайдилар. Аммо бунда халқ эътибори унчалик қизиқмас. Зеро, сиёсатчиларимиз онги тубида халқ умуман ҳокимият манбаи бўлмаган. Гапнинг пўсткалласини айтсак, “халқ росманасига бирон нарсани хал қилмайди” деган интуитив ишонч бор: “Овозлар сони муҳим, лекин якуний қарорни “тепадагилар” чиқаради”. Бу – ҳокимиятни исташ талвасаси билан келиб чиқадиган махсус “асосий инстинкт” кўринишидир.

Мазкур ирсиятнинг мантиқига биноан, ҳокимиятга йўл қуйидан кўтариладиган зинапоя эмас, у ҳамиша тепадан узатилган арқондир. Депутатлик халқ вакиллиги мандати эмас, у юқоридан тушган сирли ишонч соясидир. Бошга шу соя тушганини бошқарув кадрлар номенклатурасига киритилгандан билса бўлади. Муҳими – фурсат бўлиши билан ялт-ялт этиб қўйиш.

Олий зотлар эътибори учун кураш беаёвдир, у тертўкар зўриқишни талаб қилади. Яхшиямки, сайлов пойгаси бор. Унда ахборот мавжларига миниб “ишқ манбасига” қарата керакли сигналларни таратиш мумкин. Энг асосийси – қора халқнинг маломатларига эътибор бермай, кўзни чирт юмиб (ёки кўзни лўқ қилиб) “катталар” илтифотини қозонадиган ажобтовур ғояларни пуркаш:

“Прописка” муаммоси?! Нима, пойтахт бедарвозами?! Албатта мигрант ўз вилоятидаги мелисанинг учётига туриб, қўлида паттаси билан келиб кўрсин. Балки киритармиз. Одамларга 2.5 миллион сўм очдан ўлмаслик учун етади. Муҳими – газни камроқ ёқиб, гўштни озроқ ейиш керак. Меҳнат муҳожирлари бетарбиялик билан турли муаммолар туғдирмоқдалар. Ҳамма айб кўпайиб кетганимиздан. Алдаб нима қиламиз, ҳаммага иш жойлари етмайди. Борсин, ана, четда иш кўп. Ижтимоий ҳимоя умуман ортиқча нарса! Нафақа одамларни дангаса қилиб ташлаяпти! Экология экология билан, аммо, АЭС бизга керак, чунки бошқа йўлни ҳеч ким билмайди. Сибир сувларини ҳайдаб келиш орқали Орол муаммосини ҳал қилиб ташласа бўлади. Ҳокимларимиз ёмонлигига сабаб сиёсат эмас, балки мактабимизда маънавият дарслари етишмаслигидир. Шунинг учун мактаб формасини мажбуран киритиш тарафдоримиз!”

Бундай баёнотлар оддий аҳолига ҳуш келмаслиги табиийдир. Чунки улар сайловчи овозини олиш учун эмас, балки баланд табақаларга ёқиб қолиш ёки аввалги “ножўя” гапларни силлиқлаш учун айтилган. Бу, айниқса, эртага керак бўлиб қолиши мумкин бўлган “маъмурий қўллов”ни қозонишга қаратилган инстинктив уриниш холос.

Мен сайлов тизими шунчалик расво демоқчи эмасман, буни вақт кўрсатади. Раҳбарият эътиборига қаратилган квази-популизм ва квази-демагогия ҳақиқатдан ҳам номзодлар фойдасига иш бериб қолишига ишонмайман. Уларнинг ўзлари ҳам тафаккур қилиб кўрсалар, бунга ишонмасалар керак. “Византия” демагогияси хужжатларда битилмаган, очиқ мажлисларда буюрилмаган, минбарлардан сингдирилмаган ўзига хос зеҳниятдир. У қадим замонлардан бери миллатимиз вужудида шаклланиб қолган ирсий кўникмалардан бири бўлса керак.

Умид қиламанки, ижтимоий мунозара фаоллиги орқали бундай оғир генетикага холислик билан баҳо берилса ва соғлом ғоялар устида ишлай бошланса, аста-секинлик билан бу иллатлардан жамият соғайиб кетади. Зеро, бир коса заҳарли сув устига тинмай тоза сув томаверса, заҳар чиқиб кетиб, косада фақат соф, тоза ичимлик қолади.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан