Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Астрономия институти қошида Улуғбек номидаги умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилади
15.09.2017 09:37,  
62

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва "Астрономия ва аэронавтика" боғини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон президенти қарори эълон қилинди.

Ўзбекистон тарихида астрономияга оид тадқиқотларнинг илдизлари энг қадимги даврга бориб тақалади. Милоддан аввалги биринчи минг йилликда Ўзбекистон ҳудудида деҳқончиликнинг ривожланган тарихий-маданий марказларида Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракатланиш қонуниятларига доир чуқур билимларга асосланган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш муддатларини белгиловчи тақвимларни ишлаб чиққанлар.

Ўзбекистонда астрономия фанининг жадал суръатларда ривожланиши ўрта асрлар даврига тўғри келади.

Ўрта асрлар даврининг буюк мутафаккирлари Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райхон Беруний, айниқса Мирзо Улуғбекнинг математика ва астрономиянинг ривожланишига қўшган улкан ҳиссаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган.

"…Ўсиб келаётган ёш авлодни астрономияни ўрганиш бўйича халқимизнинг тарихий анъаналарига садоқат руҳида тарбиялаш, иқтидорли ёшларнинг астрономия ва аэронавтика фаолияти соҳасидаги миллий ва умумжаҳон илм-фанининг янги ютуқларини ўрганиш ва ўзлаштиришга бўлган интилишини ривожлантириш, ёшларни аэронавтика фани ва техника асосларини эгаллаши учун шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси ва Астрономия институти қошида 200 ўқувчи ўрни ва 150 ўринли турар жойига эга бўлган, математика, астрономия, физика ва информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини (кейинги ўринларда — мактаб-интернат) ташкил этиш таклифига розилик берилсин", — дейилган ҳужжат матнида.

Президент қарори билан Вазирлар Маҳкамасига мактаб-интернатнинг моддий-техника базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилган.

Астрономия институтига мактабнинг ўқув жараёнида соҳанинг етакчи мутахассислари иштирокини таъминлаш, институтнинг мавжуд асбоб-ускуналаридан фойдаланган ҳолда астрономия бўйича дарс ва амалий машғулотларни ташкил этиш вазифаси юклатилсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиши Давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда бир ой муддатда мактаб-интернат биноси ва ўқувчилар турар жойини қуриш учун жой ажратиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Мирзиёев қарорида Астрономия институти ҳудудида "Астрономия ва аэронавтика" боғи ва Планетарияни ташкил этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясига Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмасига мувофиқ Мудофаа вазирлиги, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ва "Тошкент механика заводи" АЖ тасарруфидаги самолёт намуналарини боғда жойлаштириш учун ажратиш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда мактаб-интернат ва боғни ташкил этиш, Астрономия институтининг асосий ва тарихий биноларини капитал таъмирлаш билан боғлиқ ташкилий масалалар ва молиялаштириш манбаларини аниқлашга қаратилган чораларни кўради.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан