«Атамбаев қамалиши сиёсий қарор, суд адолатли бўлганига ишонмайман»

«Атамбаев қамалиши сиёсий қарор, суд адолатли бўлганига ишонмайман»

23 июнда Қирғизистон суди мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга нисбатан 11 йилу икки ой муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳукмини чиқарди. Унга кўра, Атамбаевнинг ўзига ва оиласига тегишли мол-мулк мусодара қилинади. Шу билан бирга собиқ президентга берилган барча давлат мукофотлари ва ваколатлари бекор қилинади.

Атамбаев 2013 йилда жиноий тўда етакчиси Азиз Батукаевни озод этиб, мамлакатдан чиқариб юборганликда айбдор деб топилган.

Америка овози нашрининг хабар беришича, суд жараёни ёпиқ тартибда ўтган. Атамбаевнинг адвокати Сергей Слесарёвнинг ОАВларига билдиришича мижози - 63 ёшли собиқ президент бутун суд жараёнида айбловни инкор этган ва сўнгги сўз берилганда гапиришдан бош тортиб, ҳеч қандай кўрсатма бермаган.

Адвокатнинг билдиришича, тергов ҳамда давлат прокурорлари Атамбаевнинг айбдор эканини исботлай олмаган.

Атамбаевнинг тарафдор сиёсатчилардан бири, парламентдаги Қирғизистон социал демократлар партиясининг ўзбек миллатидаги депутати Анвар Ортиқов «Озодлик»нинг қирғиз хизматига берган интервьюсида собиқ президентга чиқарилган ҳукмни адолатли эканига ишонмаслигини айтган.

“Бир томондан қараганда, агар иқтидордаги президент Сооронбай Жеэнбеков билан Атамбаев уришиб қолмаганда бу нарса амалга ошмаган бўларди. Ҳеч ким ҳеч нарсага жавоб бермай, ёпиқ қозон ёпиқлигича қолган бўлар эди".

«Бизнинг билишимизча Алмазбек Шаршеновичга бирор бир киши тўғридан-тўғри қарши кўрсатма бермади. Бу сиёсий қарорга ўхшаб қолди. Суд адолатли бўлганига ишонмайман. Аввалги президентлар қилган айбини билиб мамлакатдан қочиб кетишди. Бунга халқ ҳам, икки революция ҳам баҳосини берди. Хорижга кетиб қолишга бу кишида [Атамбаевда] ҳам имконият бўлган. Аммо «мен чиқиб кетсам, айбни тан олган бўламан» деб Қирғизистонда қолди. Москвага самолёт билан кетганда ҳам «шу ерда қол» деган сўзлар бўлган дейишмоқда. Алмазбек Шаршенович «қамалсам ҳам мамлакатда бўламан» деб айтган экан».

Сиёсий таҳлилчи Айданбек Ақматов ҳам «Америка Овози» билан суҳбатда Атамбаевнинг қамалишини «сиёсий қарор» деб ҳисоблайди.

“Бир томондан қараганда, агар иқтидордаги президент Сооронбай Жеэнбеков билан Атамбаев уришиб қолмаганда бу нарса амалга ошмаган бўларди. Ҳеч ким ҳеч нарсага жавоб бермай, ёпиқ қозон ёпиқлигича қолган бўлар эди. Эски икки дўст жанжаллашиб қолиши оқибатида Атамбаев ҳозир жазоланмоқда. Шу сабабдан бу сиёсий қарор деган бўлардим. Лекин бошқа томондан, бу бизнинг қирғиз адлиясини тепкилаб, «криминал авторитет»ни қизил гилам билан кузатиб қўйишдек шармандали иш учун жазосини олди деб айтиш ҳам мумкин”, - дейди сиёсий таҳлилчи.

«Криминал авторитет» Батукаев иши

Қирғизистон ҳукумати Батукаевнинг ноқонуний бўшатилиши бўйича ишни 2019 йилнинг баҳор ойларида қайта текшира бошлаган. Батукаев «бедаво дардга йўлиққани ва бир ойлик умри қолган» деган шифокорлар ташхиси асосида қамоқдан озод қилинган. У ўша куниёқ самолётда Қирғизистондан Чеченистонга кетиб қолган. Шундан кейин тиббий ҳужжат сохта экани маълум бўлган.

Батукаевнинг ишини текшириш Атамбаевни собиқ президентлик мақомидан, дахлсизликдан ва бошқа ваколатларидан айирмоқда.

Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига боғлиқ жиноят ишида жами 19 кишига айб қўйилган.

Ички ишлар вазирлиги ўтган йили Батукаевнинг озод қилиниши бўйича Алмазбек Атамбаевни уч марта сўроққа чақирган, аммо собиқ президент терговчи билан учрашувга уч сафар ҳам келмай қўйган эди.

Бунинг ортидан Атамбаевнинг Бишкек яқинидаги Қўйтош қишлоғидаги уйини штурмга олиш қарор қилинган. Икки кунга чўзилган штурмдан кейин собиқ президент қўлга олинган. Штурм давомида бир махсус бўлинма зобити ҳалок бўлиб, 100 нафарга яқин одам жабрланган.