Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Атом бомбасини портлатишга сабаб бўлган сўз
25.02.2016 07:33,  
33

Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқаган авлодларнинг тили нима учун ҳар хил бўлиб қолгани ҳақида ривоятлар анча-мунча. Шуниси аниқки, одамлар турли тилларда сўзлаша бошлаганидан бери таржимага, тилмочларга эҳтиёж бор. Аммо таржимон нўноқ бўлса-чи? Оқибатда икки томон бир-бирини тушуна олмайди ёки нотўғри тушунади, ҳатто таржимадаги хатолар дипломатик низоларни келтириб чиқарган ҳолатлар ҳам кузатилган. Келинг, қуйида тарихни ва тақдирларни ўзгартириб юборишга қодир бўлган хато таржималарнинг айримлари билан танишамиз.

Мусонинг шохи

Биз ривоятлардан саркарда Искандарнинг шохи бўлганини биламиз, лекин Мусо пайғамбарнинг ҳам шохи бўлганини эшитганмисиз?.. Албатта, ундай эмас, аммо Уйғониш даврининг иккинчи ярмига қадар насроний ҳайкалтарошлар Мусо пайғамбарни шохли қилиб тасвирлар эди. Бунга эса насронийликда таржимонларнинг ҳомийси ҳисобланувчи авлиё Иероним (342-419 ёки 420) йўл қўйган хато сабаб бўлган.

Иероним иврит тилидан лотинчага ўгирган Инжил китоби Вугата номи билан машҳур бўлиб, 382 йилдан 1979 йилгача Католик черковининг расмий китоби ҳисобланган. Иероним Мусо пайғамбарга нисбатан ишлатилган keren or – юзи нурли иборасини юзи шохли деб таржима қилган. Тўппа-тўғри, мантиқсизлик! Лекин Муқаддас китоб борасида ким ҳам шубҳага бора оларди?..

Жимми Картернинг “уятсиз” гаплари

АҚШ президенти Жимми Картер 1977 йилда Польшага йўл олганида Давлат департаменти поляк тилини биладиган, лекин бу тил билан ҳеч қачон профессионал тарзда ишлаган таржимонни ёллади.

Маълумки, ўша пайт Польша социалистик лагернинг бир қисми эди, Картер халқ эътиборини қозониш учун дўстона оҳангда нутқ сўзламоқчи бўлди. Аммо таржимон нутқнинг пачавасини чиқарди. Президент шундай деди: “Мен бугун эрталаб АҚШдан учиб келдим”. Таржимоннинг гапи эса мутлақо бошқача чиқди: “Мен ҳеч қачон қайтиб бормаслик учун АҚШдан учиб кетдим”. Жимми Картер шундай деди: “Мен сизларнинг ўй-фикрларингиз ва келажак борасидаги истакларингизни билгани келдим”. Таржимон эса АҚШ президенти полякларга нисбатан… жинсий майл ҳис қилганини айтди. Картернинг Польшага ташрифдан хурсандлиги ҳақидаги гап “Польшанинг уятли жойларини кўрганимдан хурсандман” деган гапга айланди.

Зудлик билан бошқа таржимон чақиришга тўғри келди. У поляк тилини яхши билар, бироқ инглизчадан бехабар эди. Таржима аввалгидан ҳам дабдала чиқди.

Марсдаги каналлар

1877 йилда итальян астрономи Жованни Скиапарелли Марс сайёраси юзасининг илк тавсифларидан бирини тузди.

1908 йилда америкалик астроном Персиваль Лоуэлл италиялик ҳамкасбининг ишини кўриб чиқиб, Скиапарелли тавсифлаган каналлар онгли мавжудотлар томонидан – сайёранинг саҳро қисмларига сув келтириш учун барпо этилган, деган хулосага келди. Бу эса кейинчалик марсликлар ҳақида миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлди. Ваҳоланки, ҳамма гап нотўғри таржимада эди.  

Жованни Скиапарелли ўз ишида итальянча canali сўзини ишлатган. Бу довон ёки дара маъносини англатади, яъни табиий объектни билдиради.

Атом бомбасини портлатишга сабаб бўлган сўз

1945 йилнинг 26 июлида Гитлерга қарши коалицияга қўшилган давлатлар Потсдам декларациясини эълон қилди. Унда япон империясининг таслим бўлиши учун шартлар кўрсатилган бўлиб, ҳужжатни рад этишнинг оқибати ёмон бўлишидан огоҳлантирилган эди.

Аслини олганда, декларация шунчаки қатъий талаб бўлган.

Япония бош вазири Кантаро Судзуки матбуот анжуманида декларация ҳақида шундай деди: “Изоҳ йўқ. Биз буни ҳали ўйлаб кўряпмиз”.

Судзукунинг хатоси шу эдики, у япончада икки хил – “изоҳ йўқ” ва “рад этамиз” деган маъноларни англатувчи mokusatsu сўзини ишлатган эди.

Матбуот анжуманидан атиги ўн кун ўтиб, АҚШ президенти Гарри Трумэн ёмон оқибатлар қандай бўлишини бутун дунёга кўрсатиб қўйди. Агар таржима тўғри бўлганида, воқеалар ривожи ўзгача тус олармиди – буни энди ҳеч қачон билолмаймиз.

Вайтанги шартномаси

Кўпинча таржимонлар истамаган ҳолда хатога йўл қўяди, баъзан эса бундай хатолар атайин қилиниши мумкин. 1840 йилда Янги Зеландия маорилари ва инглизлар ўртасида тузилган шартномани бунга мисол тариқасида келтириш мумкин. Ушбу ҳужжат оролнинг Британия мустамлакасига айланишига хизмат қилди.

Шартнома инглиз ва маори тилларида тузилган бўлиб, энг муҳим жиҳатдан ташқари, иккиласида ҳам матн деярли бир хил эди. Маори тилидаги шартномада айтилишича, Британия империяси мунтазам ҳимоя қилиши учун маҳаллий аҳоли британияликларнинг оролга келишига рози бўлади. Инглиз тилидаги шартномада эса сал бошқачароқ битилган: Британия империяси ҳимоя қилиши эвазига маорилар унинг итоатига ўтади.  

Хўш, ҳийлами ёки шартномами?..

71 миллион долларлик сўз

1978 йилда Вилли Рамирес Флоридадаги касалхоналардан бирига ётқизилди. Унинг аҳволи оғир эди, яқинлари эса инглиз тилини билишмагани учун Виллига нима бўлганини яхши тушунтириб бера олишмади.

Улар тиббиёт ходимларига Вилли овқатдан заҳарланган бўлиши мумкинлигини айтишди. Испанчани чала-чулпа билан шифокор уларнинг “заҳарланган” деганини intoxicated деб тушунди. Бу сўз инглиз тилида гиёҳвандлик моддаси ёки спиртли ичимликни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилганларга нисбатан ишлатилади.

Аслида Вилли Рамиреснинг миясига қон қуйилган эди, аммо шифокорлан нотўғри муолажани бошлаб юборишди. Оқибатда беморнинг қўл-оёқлари фалажланиб қолди. Бунинг учун касалхона Рамиресга 71 миллион доллар миқдорида товон пули тўлашига тўғри келди.  

Аброр  

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан