Австрия ширкати Самарқандда оқова сувни истеъмолга яроқли қилиб бериши мумкин

Австрия ширкати Самарқандда оқова сувни истеъмолга яроқли қилиб бериши мумкин

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Австрия Республикаси ва Самарқанд вилояти ишбилармон доира вакиллари ўртасида бизнес форум ўтказилди. Бу ҳақда Халқ сўзи газетаси хабар бермоқда.

Бизнес-форум аввалида Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов ва Австрия федерал иқтисод палатаси бошлиғи Рихард Шенс Ўзбекистон ва Австрия ўртасида йўлга қўйилган иқтисодий ҳамкорлик самаралари, икки давлат ишбилармонлари учун яратилган имконият ва қулайликлар ҳақида маълумот берди. Тадбиркорларни ушбу имкониятлардан унумли фойдаланишга даъват этди.

Бизнес форумда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани таъкидланиб, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти, инвестицион жозибадорлиги тақдимотларда намойиш этилди.

Австрия федерал иқтисод палатаси бошлиғи Рихард Шенс бошчилигидаги 30 дан ортиқ компания қурилиш, саноат, туризм, нефт-кимё, гўшт ва сутни қайта ишлаш, темирйўл, иситиш ва совутиш тизимлари, автомобиллар учун қўшимча ускуналар, қоғоз ишлаб чиқариш, сув электр станциялари учун ускуналар, канализация ва чиқиндиларни тозалаш ва қайта ишлаш, тиббиёт, қадоқлаш, логистика ва бошқа йўналишларида ҳамкорлик қилиш учун ўз хизматларини ҳамда ҳамкорликни таклиф этишди.

“Биз оқова сувларни тозалаб, яна истеъмолга яроқли ҳолга келтириш, оқова сув жиҳозларини янгилаш, аҳоли пунктлари ва тоғли ҳудудларда сувоқова тизимлари қуриш билан шуғулланамиз. Чиқиндидан брикет тайёрлаш, метан газ ишлаб чиқариб, генераторлар ёрдамида ҳеч қандай станциясиз электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам фаолиятимизнинг асоси ҳисобланади. Самарқандлик ишбилармонлар компаниямиз фаолиятига катта қизиқиш билдирди. Келгусида бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз”, — дейди Австриянинг WABAG компанияси вакили Томас Рашке.

Форум давомида Австрия компаниялари вакиллари ва Самарқанд вилоятининг 40 га яқин ишбилармонлари иштирокида B2B ва G2B форматида учрашувлар ўтказилиб, келгусидаги ҳамкорлик режалари келишиб олинди.