Автомобилга сирена ва «мигалка» ўрнатишга рухсат берилмаган. Интернетда фейк хабар тарқалди

Автомобилга сирена ва «мигалка» ўрнатишга рухсат берилмаган. Интернетда фейк хабар тарқалди

Пул тўлаб, автомобилга сирена ва «мигалка» ўрнатишга 1 январдан бошлаб рухсат берилиши ҳақида асоссиз хабарлар тарқалмоқда. ИИВ ЙҲХББ интернетдаги норасмий манбаларда тарқалган маълумот фейк эканини маълум қилди.

Фейк хабарда Вазирлар Маҳкамасининг 30 ноябр куни имзоланган қарори нотўғри талқин қилинган. Қарорда сирена ва «мигалка» ўрнатиш транспорт воситасини қайта жиҳозлаш деб ҳисобланиши белгиланган.

Маълумот учун, «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 3-иловаси 7.21-бандига кўра, транспорт воситалари ўзбошимчалик билан ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва (ёки) махсус товушли ишоралар билан жиҳозланган бўлса, ёхуд транспорт воситасининг ташқи юзасида белгиланган талабларга мос келмайдиган махсус рангли график чизмалар, ёзувлар ва белгилар бўлса, бундай транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси 2-қисмига кўра, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш – ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Ижтимоий тармоқдаги барча норасмий саҳифалар эгаларидан асосланмаганёлғон маълумотларни ўз саҳифаларида эълон қилмасликларини сўрабёлғон маълумот тарқатганлик учун тегишли тартибда жавобгарлик мавжудлиги ҳақида огоҳлантирамиз», – дейилади Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабарида.