Автомобиллар ҳақида сиз билмаган ғаройиб фактлар (фото)

Автомобиллар ҳақида сиз билмаган ғаройиб фактлар (фото)

Аксарият эркаклар автомобиллар ҳамда техникага ниҳоятда қизиқади. Шу қизиқиш туфайли улар баъзан ўзларини автомобиллар бўйича мутахассисдек ҳис қилишади (балки сиз ҳам шунақадирсиз). Лекин автомобиллар ҳақида шунақа фактлар борки, уни, ҳатто, сиз ҳам эшитмагансиз. Autostrada.ua шундай фактларни келтириб ўтди.

Илон Маск Тесланинг асосчиси эмас

Тесла деганда барчанинг хаёлига Маск келади. Лекин у компанияга асос солмаган. Маск компанияга келганида, компания бир йилдан бери фаолият олиб бораётган эди.

Электрокар фирманинг асосчилари Мартин Эберхард ҳамда Марк Тарпенлар бўлишган. Ҳа айтганча, Мартин Эберҳард – америкалик муҳандис ва бизнесмен. У 2007 йилда дунёдаги энг яхши инноватор деб топилиб, “инсоният учун энг муҳим 32 киши” рўйхатига киритилган.

Тезликни оширгани учун илк жарима тўлаган инсон соатига 13 км тезликда ҳаракатланган

1896 йил Англияда қабул қилинган қонунга мувофиқ, аҳоли пунктларида автомобиллар тезлиги борасидаги чеклов соатига 3 км.ни ташкил қилар эди. Бироқ ҳаётида илк бора машина сотиб олган Уолтер Арнолд деган кимса чекловларни ёқтирмасди. Бир куни у "тойчоғининг" максимал тезлигини синаб кўришга қарор қилади. Натижада, полиция уни 13 км/соат тезликда ҳаракатлангани тўғрисида жарима ёзиб берган.

Бу ҳикоянинг кулгили томони шундаки, полициячи худди ҳозиргидек қоидабузарни қувлашига тўғри келган. Ўшанда полициячи велосипед билан 13 км/соат тезликда ҳаракатланаётган машинага етиб олган. Айтганча, тезлик оширилганлиги учун биринчи жарима миқдори 1 шиллинг 26 пенсни ташкил этган.

Bentley Mulsane учун 18 дона сигир қурбон қилинган

Bentley дунёдаги энг қиммат ва ҳашаматли автомобиллардан биридир. Bentley Mulsane автомобилининг нархи нафақат пул билан, балки жониворлар ҳаёти билан ҳам ўлчанади. Мазкур автомобил салонини безаш учун 18 дона сигир териси ишлатилган.

Экологик жиҳатдан, автомобил отдан тозароқ

Бугун ҳеч ким буғ, углеводород билан ҳаракатланадиган ички ёнув двигателини "экомобил" деб атамайди. Бироқ, автомобиллар илк бор яратилган пайтда дунё бошқача эди: йирик шаҳарларда жуда кўплаб отлар ва от-аравалари бор транспорт тизимидан фойдаланилган. Бир неча от кучига эга, буғ двигателли "темир-от" гўнги билан бутун шаҳарни ифлослайдиган ҳақиқий отга нисбатан ҳақиқатдан ҳам "экологик тоза"роқ бўлган.

Кассетали магнитофони бўлган охирги автомобил 2011 йилда ишлаб чиқарилган

Бугунги кунда тасмали кассеталар ўз ўрнини янги авлод воситаларига бўшатиб берган. XXI аср ёшлари кассета нималигини билиш учун Googleдан "сўрашади". Охирги маротаба 2011 йилда Ford Crown Victoria машинасига магнитафон ўрнатилган. Ундан кейин ҳеч бир компания машиналарига кассетали магнитофон қўймаган.

Автомобиллардаги биринчи радио Motorolla томонидан ўрнатилган

Кўпчилик Motorolla фақат телефон чиқарса керак деб ўйлайди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, Motorolla ўз фаолиятини радио ишлаб чиқаришдан бошлаган. Айнан шу компания 1930 йилда автомобилларга радио ўрнатган. Дастлаб радио жуда қиммат эди: 650 долларлик машинада 110 долларлик радио бўлган. Ўша пайтдаги радиоларни машинага ўрнатиш учун икки киши бир ҳафта меҳнат қилган.

Бугунгача ишлаб чиқарилган Rolls-Royce’ларнинг 75 %и ҳалиям "миниш"га яроқли

Дунё бўйлаб ҳар йили 75 миллион автомобил ишлаб чиқарилади. 10 миллион "қария"лар эса металлаломга жўнатилади. Бироқ, тарихи бир асрлик Rolls-Royceнинг 75 % автомобилларидан ҳалигача одамлар фойдаланишади.

Машиналарнинг ҳозирги шаклга келишига аёл киши сабабчи

Агар гўзал рафиқаси Берта бўлмаганида, Мерcеденс-Бензнинг "отаси" Карл Бенз бу қадар машҳур бўлмаган бўларди. Берта эри яратган восита дунёни ўзгартириб юборишига ишонар эди. Карл ўзи яратган уч ғилдиракли машинасини сотишдан умидини узиб ўтирганида хотини икки ўғлини олиб бошқа шаҳарга, онасиникига йўл олади.

Йўлда Берта кўплаб техник муаммоларга дуч келади, аммо машинадан воз кечмайди. Аёл уйига қайтиб келганида турмуш ўртоғига ёғоч тормозни ўзгартирмай туриб, машинага ёнилғи баки, двигател, совутиш тизими каби нарсаларни ўрнатиб бўлмаслини айтади.

Аёлининг бу саёҳати Карл Бензни машина оламида даҳога айлантирди.

Круиз-назорат кўзи ожиз киши томонидан яратилган

Автомобил тезлигини назорат қиладиган круиз-назорат қурилмаси ўтган асрнинг 50-йилларида яратилган. Муаллифи 5 ёшида умуман кўрмай қолган Ралф Титор бўлган. Кўриш қобилияти бўлмаса-да, Титор туғма даҳо эди.

1948 йилда машина ҳайдаш вақтида ҳайдовчиларнинг рулда ухлаб қолиш муаммосига Титор ечим топишга уринади. Кашфиётчи автоуловчиларга ёрдам берадиган Speedostat қурилмаси ихтироси устида ишлай бошлади. Орадан 10 йил ўтгач, бу ихтиро учун унга патент берилади. Ва шу билан бирга, 1958 йилда замонавий круиз назоратининг аждоди Chrysler қиммат автомашина моделлари учун таклиф қилина бошланди.

Ўтган асрнинг бошида электромобиллар бензинли автомобиллардан кўра кўпроқ эди

ХХ асрда одамлар келажак электрники деб ҳисоблашган. 1900 йилнинг бошларида бутун дунё бўйлаб ҳаракатланаётган автомобилларнинг 40 фоизи буғ двигателли, 38 фоизи электр двигателли ҳамда 22 %дан кўпроғи бензин билан "юрадиган" двигателга эга эди.

Шахсий автомобилларнинг 95 % "умри" юриш билан эмас, туриш билан ўтиб кетади

Бу ғалати туюлади, лекин факт. Биз фойдаланиш учун сотиб оладиган машинамиз аксарият ҳолларда уй, офис ёки савдо маркази олдида туради. Албатта, бу ўртача кўрсаткич. Баъзилар автоуловлари билан доимий ҳаракатда бўлишади.

Шунинг учун, кейинги сафар сиз янги қимматбаҳо машинага кўп пул сарфлашдан олдин бу харажат чиндан ҳам бунга арзийдими, йўқми яхшилаб ўйлаб кўринг.