БАА Марсга «Ал-Амал» космик зондини учирди

БАА Марсга «Ал-Амал» космик зондини учирди

Фото: EPA-EFE/MITSUBISHI HEAVY INDUSTRIES

20 июль, душанба куни Япониянинг H-IIA ракета ташувчиси Марсни ўрганиш учун Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Амал» (Умид) космик зондини фазога олиб чиқди. Парвоз Япониянинг Танегашима оролидаги майдондан амалга оширилди ва Mitsubishi Heavy Industries корпорацияси томонидан жонли эфирда намойиш этилди.

Телеканал хабарига кўра, парвоз муваффақиятли амалга оширилган. Қурилма учиш мосламасидан 430 км баландликда ажралиб чиқди ва берилган траэктория бўйлаб ҳаракатланишни давом эттирди.

Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Ал-Амал зондини жўнатиш икки марта қолдирилди. Японияда бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида кучли ёмғир ёғиб, мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида кўчкилар ва тошқинларга олиб келди.

1350 кг оғирликдаги қурилма БАА Фазо агентлиги, Муҳаммад бин Рашид космик маркази ва Американинг учта университети билан ҳамкорликда яратилган. У иккита қуёш панели, юқори аниқликдаги кўп каналли камера ҳамда инфрақизил ва ультрабинафша спектрометрлар билан жиҳозланган.

Миссиянинг асосий вазифаси - Марс атмосфераси ва иқлимини ўрганиш. Хусусан, Ал-Амал зонд ёрдамида олимлар қизил сайёрадаги кунлик ва мавсумий об-ҳаво тциклларини, шунингдек об-ҳавога катта таъсир кўрсатадиган чанг бўронларини кузатадилар. Олинган маълумотлар ёрдамида мутахассислар Марс атмосфераси унинг мавжудлиги даврида қандай қилиб кескин ўзгаришларга дуч келганлигини аниқлашни кутмоқдалар.

Зонд Марсга 2021 йилда, БАА мустақиллигининг 50 йиллик байрамида етиб бориши кутилмоқда. Қурилма сайёра орбитасида бир марс йили (687 Ерс куни) мобайнида айланиши тахмин қилинмоқда.