БАА ширкати Навоийда қуёш электростансиясини ишга туширади

БАА ширкати Навоийда қуёш электростансиясини ишга туширади

Бирлашган Араб Амирликлари Яқин Шарқдаги энг асосий савдо ҳамкорларимиздан бири.

Яқинда БАА билан энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, нефт-газ, кимё ва нефт-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган 10 миллиард доллардан ошиқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилди.

Хусусан, Амирликларнинг Masdar компанияси мамлакатимизда қуёш электростансияси (ҚЭС) қуриш учун $100 миллион сармоя киритади. 2019 йил октабрда у мамлакатимиз тарихида қуёш энергиясидаги давлат-хусусий шериклик сармояларини жалб қилиш бўйича биринчи бўлиб очиқ тендер ғолиби деб топилди. Қурилиш ишларининг бошланиши 2020 йилнинг биринчи чораги (жорий йилнинг март ойи)га, фойдаланишга топширилиши эса 2021 йилнинг биринчи чорагига режалаштирилган.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Тошкентда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Masdar ўртасида Навоий вилоятида умумий қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуриш тўғрисида инвестицион битим имзоланди. Masdar қуёш энергиясини бир киловатт /соат учун 2,679 центига етказиб беришни таклиф қилмоқда, бу ривожланаётган бозорларда энг паст тарифлардан биридир.

Компания лойиҳани амалга ошириш даврида электр станцияни лойиҳалаштириш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни амалга оширади.

Яқин ойларда Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири 200 МВт гача бўлган қуёш энергияси соҳасида яна иккита лойиҳа учун давлат-хусусий шериклик асосида ким ошди савдоларини бошлаш кутилмоқда. Шундан сўнг, 500 МВт қувватига эга бўлган қўшимча тур ўтказилади. Умуман олганда, энергетика соҳасига 1 миллиард долларга яқин тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинади.

Масдар “Mubadala Investment Company” таркибига кирадиган, қайта тикланадиган энергия соҳасидаги етакчи халқаро компаниялардан бири.