БААлик аёл эри «уни жуда ҳам қаттиқ севгани» туфайли ажрашишга қарор қилди

БААлик аёл эри «уни жуда ҳам қаттиқ севгани» туфайли ажрашишга қарор қилди

Бирлашган Араб Амирликларида аёл эри “уни жуда ҳам қаттиқ севгани” туфайли ажрашишга қарор қилди. Бу ҳақда Khaleej Times нашри хабар қилди.

Аёл эмиратнинг Фужайра шариат судига ажрашиш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилган. Судда ўзини “эрининг севгиси билан бўғиб қўйилганини” айтган.

“У ҳеч қачон менга бақирмайди, бирор истагимни рад қилмайди”, - дея ҳасрат қилган аёл. Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи баъзан у учун таом тайёрлаган ва уйларни супуриб сидириб, ораста қилган.

Ҳаммасидан ҳам эрининг тўйдан кейин бир йил давомида бирор марта ҳам гап қайтармагани ўтиб тушган ва жуда жаҳлини чиқарган.

“Мен тортишувларга муҳтожман, ҳаттоки жанжалларга ҳам. Мен бир мартагина бўлса ҳам тортишишни хоҳлайман, бироқ бунинг менинг романтик эрим билан сира иложи йўқ. У ҳамиша мени кечиради ва совғалар билан кўмиб ташлайди”, - дея дардларини тўккан аёл.

Шунингдек, аёл эри унинг ҳаётини жаҳаннамга айлантирганидан нолиган.

Эркак хотинининг қароридан қаттиқ хафа бўлган ва идеал ва меҳрибон эр бўлишга доимо ҳаракат қилганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, хотини уни ортиқча вазни учун койигани сабабли парҳез тутган ва спорт билан шуғулланишни бошлаган. Машғулотларнинг бирида оёғини синдириб ҳам олган.

Дили хуфтон бўлган эр судьядан хотинига аризасини қайтариб олишни тавсия қилишни ўтиниб сўраган. Натижада суд эр-хотинга муросага келишлари учун имкон бериш мақсадида ишни кўриб чиқишни бошқа кунга қолдирган.

6117