Балиқ, парранда ва чорва маҳсулотлари етиштирувчиларга субсидиялар ажратилади

Балиқ, парранда ва чорва маҳсулотлари етиштирувчиларга субсидиялар ажратилади

“Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” Ҳукумат қарори (280-сон, 12.05.2020 й.) қабул қилинди.

Президентнинг ПҚ-4576-сон қарори билан 2020-2022 йилларда давлат томонидан чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга, балиқ етиштирувчи хўжаликларга, паррандачилик хўжаликларига субсидиялар ажратилиши назарда тутилган.

Ҳукумат қарори билан ушбу субсидияларни ажратиш тартиби белгиланди, тегишли низомлар тасдиқланди.

Қарор билан шунингдек, чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича туманлар (шаҳарлар) комиссияларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар комиссияси таркиби тасдиқланди.

Белгиланган тартибга кўра, субсидия олувчи туман комиссиясига ариза билан мурожаат этади.

Туман комиссияси аризани кўриб чиқиб, субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилади.

Субсидия ажратиш тўғрисида хулоса қабул қилинганда бу ҳақда субсидия олувчи хулоса қабул қилинган куни хабардор қилинади.

Туман комиссияси томонидан ариза нусхаси, унга илова қилинган ҳужжатлар ва субсидия ажратиш тўғрисидаги хулоса  вилоят комиссиясига тақдим этилади.

Вилоят комиссияси ўз навбатидан ҳужжатларни 2 иш кунида “Ўзбекчорванасл“ агентлигига юборади.

Агентлик томонидан ҳужжатлар кўриб чиқилади ва субсидия маблағлари субсидия олувчиларнинг тижорат банкларидаги асосий ҳисоб варақларига ўтказиб берилади.