Банклар 1 сентябргача 200 ва 500 сўмлик купюраларни қабул қилади

Банклар 1 сентябргача 200 ва 500 сўмлик купюраларни қабул қилади

Аввалроқ Марказий банк tomonidan 1 июль кунидан бошлаб 200 ва 500 сўмлик қоғоз пуллар муомаладан чиқарилишини хабар қилган эдик.

Бугунги кунда коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида истисно тариқасида тижорат банкларининг барча бўлинмалари томонидан 2020 йил 1 сентябрга қадар эски намунадаги 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотларни қабул қилиш ҳамда муомаладаги банкнотлар ва тангаларга монеликсиз алмаштириш юзасидан Марказий банк томонидан кўрсатма берилди.

"Фуқаролар 200 ва 500 сўмлик банкнотларни ўз ҳудудлари яқинидаги тижорат банкида чекланмаган миқдорда муомаладаги банкнотларга алмаштириб олишлари мумкин", - дейди Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти бош иқтисодчиси Зафар Асадов.

Таъкидлаш жоизки, 1 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу масала юзасидан Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовга депутатлик сўров хати юборган эди. Депутат аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 1997 йил намунасидаги 200 ва 1999 йил намунасидаги 500 сўмлик банкноталарни муомаладан табиий йўл билан чиқиб кетиши учун унинг қонуний тўлов воситаси сифатида қўйилган кучини йўқотиш муддатини бекор қилиш ва муомала вақтини муддатсиз этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш ҳақида таклиф киритган эди.