Ҳокимларга икки кун ичида тадбиркорларга мурожаат билан чиқиш буюрилди

Ҳокимларга икки кун ичида тадбиркорларга мурожаат билан чиқиш буюрилди

Аввал хабар берганимиздек, бугун Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш ва тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Мажлисда Шавкат Мирзиёев ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва ишлаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлаши лозимлигини таъкидлаб, жуда кўп раҳбарлар бунга бефарқлик ва масъулиятсизлик билан қараб келаётганини кескин танқид қилди.

Буни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган 26 мингта мурожаатнинг деярли ярми бевосита туман даражасида ҳал қилиш мумкин бўлса-да, муаммолар жойида ечилмагани учун фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.

Шунинг учун, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари икки кун муддатда Тадбиркорларга мурожаат қабул қилиши бўйича кўрсатма берилди.

Мурожаатда тадбиркорлар олдида бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча раҳбарлар уларга яқиндан кўмакчи бўлиши, ҳар куни доимий равишда тадбиркорлар масалалари билан шуғулланиши тўғрисида ҳокимлар шахсан кафолат беради.

Мурожаатнинг бош мазмуни ҳамма нарса тадбиркор учун эканлигини халқимизга етказишдан иборат. Шунинг учун Мурожаатни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва аҳоли гавжум жойлардаги баннерларда эълон қилиб, унда ҳокимлар, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарларининг телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши шартлиги белгиланди.

Шунингдек, 2020 йилда республика бўйича қарийб 1,5 мингта давлат мулки ва давлат улуши мавжуд объектларини сотиш ҳамда 70 мингта тадбиркор фаолиятини тиклаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат божхона қўмитасига келгуси йил 1 январдан бошлаб экспорт-импорт операциялари учун зарур рухсатнома ва сертификатларни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали электрон шаклда олинишини йўлга қўйиш топширилди.