Бекобод шаҳрида эркак танишига салом бермагани учун пичоқланди

Бекобод шаҳрида эркак танишига салом бермагани учун пичоқланди

Тошкент вилояти Бекобод шаҳрида 4 январ куни мардикор эркак марказий буюм бозорида танишини салом бермагани учун пичоқлади. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар қилди. Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 4 январ куни соат 10:40 атрофида фуқаро А. П. спиртли ичимлик таъсирида Бекобод шаҳар марказий буюм бозорига келиб, у ерда турган таниши А. С. билан саломлашмоқчи бўлган. Лекин А. С. унинг маст ҳолатда эканлигини, уйига боришини айтиб, унинг олдидан кетиб қолган.
Бундан А. П.нинг жаҳли чиқиб, мазкур бозор ҳудудида жойлашган ошхонага кириб, стол устида турган ошхона пичоғи билан, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, А. С.нинг орқасидан бориб, унга беписанд муносабатда бўлдинг, дея ҳеч бир сабабсиз қорин бўшлиғига бир маротаба уриб, қасддан тан жароҳати етказган.
Оқибатдада фуқаро А. С. Бекобод шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган. Мазкур ҳолат юзасидан Бекобод шаҳар Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «й» ва «л» бандлари (Безорилик оқибатида, қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.