Беларусда мухолифатнинг ҳибсга олинишига қарши намойишлар яна бошланди

Беларусда мухолифатнинг ҳибсга олинишига қарши намойишлар яна бошланди

Фото: ТАСС

Белорусда президент сайлови кампанияси пайтида фаоллар ва сиёсатчиларнинг ҳибсга олинишига қарши норозиликлар қайта бошланди. Бу ҳақда РБК нашри хабар бермоқда. 

Нашр маълумотларига кўра, Гомел, Гродно, Могилев, Витебск, Бобруйск, Баранович ва Минскда одамлар "бирдамлик занжири" қаторларини ҳосил қилишмоқда. 

Tut.by порталининг хабар беришича, Витебскда бундай занжир 300 м, Гроднода - 1,5 км гача чўзилган.

Минскдаги "Виясна" инсон ҳуқуқлари марказининг хабар беришича, Минскда 40 дан ортиқ одам ҳибсга олинган. Бундан ташқари, Бобруйск, Гомел, Витебск, Могилев, Гродно ва Новополотскда ҳибсга олинганлар бор. Naviny.by хабарига кўра, пойтахтда полиция ходимлари президентликка номзодлардан бири учун имзо тўпланаётгам Беларус давлат филармонияси биноси ёнида бир неча кишини ҳибсга олган. Аввал милиционерлар мегафон орқали йиғилганларни тадбирнинг ноқонунийлиги тўғрисида огоҳлантирдилар, сўнг одамларни филармония олдидаги майдондан тарқатиб юбордилар.

Минскда ҳибсга олинганлар орасида Озодлик ва Reuters журналистлари ҳам бор эди. Беларус Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Олга Чемоданова уларнинг ушланиш сабабларини изоҳламади. “Улар ҳужжатларини текшириб, қўйиб юборишади. Бу техник масала, бунинг учун бириз вақт керак бўлади ”, - деди у ТАССга.

Кеча Минск марказида президентлик сайловолди кампанияси пайтида ҳибсга олинганларни қўллаб-қувватлаш учун бирдамлик митинги бўлиб ўтди. Озодлик радиоси хабарига кўра, акцияда 500 дан ортиқ киши иштирок этган, Наша Нива нашрига кўра эса 670 киши.

18 июнь куни Беларус ҳукумати президентлик сайловларида президент Александр Лукашенконинг асосий рақибларидан бири Виктор Бабарикони ҳибсга олди. У гувоҳларга таъсир ўтказишга ва илгари содир этилган жиноятларнинг далилларини яширишга уринишда айбланиб, мол-мулки мусодара қилинган. 2020 йил май ойининг ўрталарига қадар Бабарико "Газпром" ва "Газпромбанк" 49,8 фоиз актсияларига эга бўлган Белгазпромбанкни бошқарган. 11 июн куни молия ташкилотининг бош идорасида тинтувлар ўтказилди, жиноий йўл билан олинган маблағларни легаллаштириш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлаш бўйича жиноий ишлар қўзғатилди.

Бабарико ҳибсга олингандан сўнг Белорус президентлигига икки потенциал номзод - "Озодлик учун" ҳаракатининг раҳбари Юрий Губаревич ва мусиқачи Александр Таболик сайлов кампаниясида қатнашишдан бош тортишди. Аввалроқ, Либерал-демократик партиянинг раҳбари Олег Гаидукевич ва 8-минтақадан юк ташувчилар уюшмасидан Наталя Кисел сайловлардан четлатилган эди.

Мамлакатда президент сайловлари 9 августга белгиланган. 19 июн президентликка номзодларни кўрсатиш учун имзо тўплашнинг охирги куни эди.