Белгия собиқ қиролининг ноқонуний қизи суд орқали малика унвонига эришди

Белгия собиқ қиролининг ноқонуний қизи суд орқали малика унвонига эришди

Фото: EPA

Белгиянинг собиқ қироли Алберт II нинг ноқонуний қизи, рассом Делфин Боэл малика унвонига эга бўлиш ҳуқуқига эришди. Ушбу қарор Брюссел Апелляция суди томонидан қабул қилинди, деб ёзади Белгиянинг VRT нашри.

Шунингдек, Боэлнинг ўғли ва қизи ҳам шаҳзода ва малика унвонларини кўтаришлари мумкин.

Боэл отаси Албертнинг Саксен-Кобург-Готск фамилияси ва исмига "Ҳазарати олиялари" фахрий унвонини қўшиб айтилиш ҳуқуқини ҳам олди.

Бундан ташқари, у собиқ монарх меросининг саккиздан бир қисмини талаб қилиши мумкин.

"Судда ғалаба қозониш ҳеч қачон отанинг меҳрини алмаштирмайди, лекин бу адолат туйғусини беради", - дея иқтибос келтиради RTL Боэлнинг адвокати Марк Уйттендалдан.

Делфин Боэл 1968 йилда Алберт II ва баронесса Сибилла де Селис Лоншан муносабатлар натижасида туғилган. Ўша пайтда иккаласининг ҳам алоҳида-алоҳида турмуши бор эди. Кенг жамоатчилик уларнинг романтикаси ҳақида фақат 1999 йилда билган.

2013 йилда Алберт II тахтдан воз кечиб, қонуний дахлсизлигини йўқотганида, Боэл унга қарши оталикни тан олишни талаб қилиб судга мурожаат қилди.

2019 йилда суд собиқ монархга ДНК тестини топширишни буюрди, бу унинг Боэл билан қариндошлигини исботлади. 2020 йил бошида Алберт II ноқонуний қизини расман тан олди.