Беш турдаги ҳуқуқбузарлик учун жарималар миқдори камайтирилмоқда

Беш турдаги ҳуқуқбузарлик учун жарималар миқдори камайтирилмоқда

Кеча, 18 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 5 та моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун тайинланадиган жарималар миқдори маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг хавфлилик даражасидан келиб чиқиб кескин камайтирилмоқда. Хусусан, муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима миқдори икки бараварга камайтириляпти.

Шунингдек, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқароларга икки бараварга, мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга камайтирилмоқда. Фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача бўлган миқдор оралиғида белгиланмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан жарималар миқдори деярли икки бараварга, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима миқдори уч бараварга камайтирилмоқда.

Фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтмаган фуқароларни турар-жой биноларида яшашга рухсат берганлик учун жарима миқдорини 735 минг сўм, йил давомида такрорий содир этилган тақдирда 1,225 млн сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий жазолар миқдорининг инсонпарварлик, одиллик тамойилларига мувофиқ равишда камайтирилишига олиб келади.

Мажлисда қонун лойиҳаси учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.