Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Билимсизлик оммавий эпидемияга айландими?
19.05.2020 11:20,  
1881

Ҳаётда гувоҳ бўлганимиз баъзи ҳолатларни унутиш қийин. Ҳар бир ходиса инсонда хурсандчилик, ҳайрат, қўрқув ёки нафрат туйғуларини уйғотади. Мен ҳозир назарда тутаётган нарса эса ушбу туйғуларнинг кульминацион нуқтасига чиққандаги унутилмас ҳолатлардир. Бугун мени ҳайратга солган шундай эпизодлардан баъзиларини эсга олдим. (Аслида бундай ҳолатлар кўп бўлган)

1. Олийгоҳни тугатиб ҳарбий хизматга бордим. Табиийки мен билан бирга хизмат ўтаётган йигитларнинг кўпи энди мактабни ёки коллежни тугатиб келган йигитлар эди. Бир куни йигитлардан бири нимадир қилган нотўғри иши учун старшина ундан тушунтириш хати ёзишни талаб қилди. Қўлига қоғоз ва ручка тутган аскар йигит ҳеч нарса ёзмасдан тураверди. Бундан жаҳли чиққан старшина ва офицерлар уни дўпоослай кетишди. Йигит анча бақувват эди ва қанча калтак эса ҳам тушунтириш хати ёзмади.

Шунда офицерлардан бири мени чақириб "бу тўнкага айт, агар тушунтириш хатини ёзиб бермаса майиб қилиб қўямиз" деди. Оғзи бурни кўкариб шишиб кетган йигитнинг олдига бордим ва нега ўжарлик қилаётганини сўрадим. Индамади. Нима ёзишни билмасанг мен айтиб турай сен ёзиб ол дедим. Шунда ҳалиги йигит менга қараб, "ёзишни билмайман" деди.

Очиғи тушунмадим ва яна ўзим айтиб тураман нима ёзишингни деб такрорладим. Йигит йиғламсираб мен умуман ёзишни ҳам ўқишни ҳам билмайман, ҳарфларни ажрата олмайман, мактабга бормаганман деди. Ёши 18-19 атрофидаги йигитдан бу гапни эшитиб жуда ҳайратга тушганман. Бу ҳодиса 2005 йили бўлганди.

2. 2019 йил 9 май куни Москвада бўлиб ўтаётган "Ўлмас полк" юришида қатнашаётган ўзбек муҳожирлари ҳақида Озодлик радиоси мухбири тайёрлаган бир видео лавҳани кўриб қолдим. Муҳбир қўлларида байроқлар кўтариб олиб байрам қилишаётган ўзбек муҳожирларига "Иккинчи Жаҳон Уруши қачон бўлган? Сталин ва Гитлер ким бўлган?" каби саволлар беради. Муҳожирлардан кимдир уруш 1441 йил бошланган деса бошқаси Сталин бошловчи бўлган дейди, яна бири эса Гитлер ўрисларнинг энг катта бошлиғи бўлган дейди. Хуллас жавоблар бир биридан ҳайратли, кузатилаётган ҳолат эса қўрқинчли...

3. Бир неча кун аввал туман депутатларидан бири ўз чиқишлари билан ижтимоий тармоқларда калака мавзусига айланганди. Аввало унинг ўта маддоҳлиги эътиборимни тортганди. Бироқ икки кун ўтиб кўрсатган каромати олдида маддоҳлиги ҳеч нарса бўлмай қолди. Атиги 14 та сўздан иборат ёзган матнида 17 та имловий ва услубий хато бор. Бу ҳолатни бемалол саводсизлик деб аташ мумкин. Бундай одамнинг бир туманда депутат этиб сайлангани эса жуда ҳайратланарли ҳол.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири бу ҳолатга муносабат билдирар экан "мамлакатда обрў деган нарса қолмабди" деди. Бошқа вазият бўлганда мамлакат ва давлат тушунчалари бошқа деб эътироз қилган бўлардим. Бироқ бу сафар у ҳақ. На давлатни на унинг қонун чиқарувчи ҳокимияти вакили бўлган саводсиз шахсни сайлаган халқни обрў-эътиборга лойиқ дейиш мумкин.

4. Сўнги пайтларда бир йигитнинг ижтимоий тармоқлар орқали турли мавзуларда видео чиқишлар қилаётганини кузатдим. Аввалроқ қилган бир видеосини кўриб ҳаёлимдан "яхшигина нотиқ экан, бироқ ўзи устида бироз ишлаб билимини оширса бўларкан" деган фикр ўтганди. Куни кеча эса айни нотиқнинг янги бир видеоси ижтимоий тармоқлардаги деярли барча гуруҳларда айланаётганини кўриб қолдим.

Нотиқ мамлакатдаги инфляция сабаблари ва бошқа ҳолатлар ҳақида жон куйдириб гапирарди. Видеони диққат билан кўрдим. Бу сафар эса нотиқлик ва билим ўртасидаги мувозанат бутунлай издан чиқиб кетган деган хулосага келдим. Кўтариб чиқилган мавзу борасида нотиқда элементар иқтисодий билим етишмаслиги яққол сезилади. Мени ҳайратга солган нарса ундаги билим етишмаслиги эмас, балки видео тагида қолдирилган юзлаб изоҳлар...

Чунки бироз ўқиб ўрганиш билан билимни ошириш мумкин. Бироқ ҳар қандай маълумотни бироз таҳлил қилмасдан кўр кўрона эргашиб кетадиган оломон эса жиддий масала.

Изоҳ қолдирганларнинг деярли ҳаммаси йигитни олқишлаган, ҳатто баъзилар "бу йигит молия вазири бўлиши керак", "уни президент қилиб сайлаш керак", "мана ҳақиқий олтин бош" каби фикрлар қолдиришган. Иқтисодни тушунадиган бир-иккита одамнинг эътирозига эса оломон "бахиллар кўролмаяпти", "ўта ақлли бўлсанг ўзинг тушунтириб бер" ва ҳоказо фикрлар билдиришган. Йигитнинг шижоатини сўндирмаслик учун мен ҳам изоҳимда бироз ўз устида ишласа янада яхши чиқишлар қилишини маслаҳат берган бўлдим. Бироқ оломоннинг нотиққа бўлган олқишлари шовқинида изоҳим изсиз йўқолиб кетди.

ХУЛОСА

Биз қачон бу ҳолга келдик. Ёки азалдан шундаймидик ва мен энди англаб еттиммикан. Дастлабки учта мисолни саводсизлик ва билимсизлик билан боғлиқ алоҳида ҳолатлар деб оладиган бўлсак сўнги мисол эса билимсизликнинг оммавий эпидемияга айланганини кўрсатмоқда.
Бу ҳолатдан чиқиш учун нима қилиш керак? Бу ҳақда ҳали якуний бир тўхтамга келмадим. Ўйлаяпман...

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан