Билл Гейтс Microsoft директорлар кенгашини тарк этди

Билл Гейтс Microsoft директорлар кенгашини тарк этди

Microsoft асосчиси Билл Гейтс компаниянинг директорлар кенгашидан ҳам кетади. Бу ҳақда унинг ўзи LinkedIn саҳифасида маълум қилди.

“Microsoft ҳамиша ҳаётимнинг муҳим қисми бўлиб келган ва бундан кейин ҳам мен [корпорациянинг бош директори] Сатя Наделла ва техник раҳбарият билан компаниянинг қарашларини шакллантириш ва улкан мақсадларга эришишда ёрдам беришда давом этаман”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради CNBC.

Компания расмий хабарида айтилишича, тадбиркор соғлиқни сақлаш, таълим ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳасидаги хайрия ишларига кўпроқ вақт ажратмоқчи. Гейтс компанияда Наделла ва бошқа Microsoft раҳбарларининг маслаҳатчиси сифатида ишлашни давом эттиради.

Гейтс, шунингдек, Berkshire Hathaway инвестиция фонди директорлар кенгашидан ҳам истеъфога чиқишини маълум қилди.

Гейтс 1975 йилда дўсти Пол Аллен билан биргаликда Microsoft’га асос солган. У 2008 йилга қадар компания бош директори эди. Шу йили Гейтс бу лавозимни ҳам хотини Мелинда билан биргаликда асос солган хайрия жамғармасига кўпроқ вақт ажратиш мақсадида тарк этган эди.

Билл Гейтс Microsoft’нинг 1 % аксиясига эгалик қилади. Forbes журнали унинг бойлигини $103,6 млрдга баҳолаган. У сайёранинг энг бой одамлари рўйхатида иккинчи рақамда қайд этилган (Amazon асосчиси Жефф Безосдан кейин).