Бир гуруҳ фаол фуқаролар Мусулмонлар идораси ва муфтийга таклиф билан чиқди

Бир гуруҳ фаол фуқаролар Мусулмонлар идораси ва муфтийга таклиф билан чиқди

Фото: Facebook

"Эрталабки таклифдан кейин Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасига қуйидаги мурожаатни ҳам ёзиб, топшириб келдик", дейди Фейсбукдаги Мусанниф Адҳам тахаллуси билан танилган фаол блогерлардан бири.

Масъуллардан жавоб кутилаётган ушбу мурожаат Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовга йўлланган бўлиб, унда дунёда тезлик билан тарқалиб бораётган коронавирус хавфи янада оммалашиб кетмаслиги учун таклиф берилган.

“Карантин даврида кўчага чиққан киши масжиддан ташқари бошқа биронта жойда таҳоратини янгилаб олиши муаммо эканлиги билиниб қолди. Шу сабабли Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг раҳбарлари масжид таҳоратхоналарини очиб қўйиш масаласини ўйлаб кўришларини сўраймиз”, дейилади мурожаатда.

МАВЗУГА ДОИР: Ўзбекистон Уламолар Кенгашининг коронавирус бўйича фатвоси эълон қилинди (видео)

Ўзбекистонда Ислом динидан бошқа конфессияларда ҳам оммавий ибодатлар тўхтатилди

Фуқароларнинг фикрича, масжид таҳоратхоналари очиб қўйилса, Ўзбекистон ҳудудида коронавирус кенг тарқалиб кетишига ҳам жиддий тўсиқ қўйилади. Чунки, таҳоратхоналарда нафақат намозхонлар, балки фуқароларимиз ҳам кириб покланиб чиқишлари мумкин.

Шулардан келиб чиқиб, фуқаролар Мусулмонлар идорасига қуйидаги таклифларни киритди:

1. Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология назорати билан ҳамкорликда маълум бир масжидларнинг таҳоратхоналарида барча зарур шарт-шароитларни тайёрлаш, дезинфекциялаш;

2. Махсус тозалаш (гигиеник) воситалари, (сенсор идишдаги) суюқ совун, шунингдек бир марталик салфеткалар билан узлуксиз таъминлаш;

3. Масжид ҳайъат аъзолари ёки кўнгилли кишилардан иборат навбатчилик рўйхатини тузиш. Бунда, масалан, келганларни таҳоратхона сиғимига мос равишда масжид эшигидан киритиш;

4. Бу ишни дастлаб Тошкентдаги 10 та (ўнта) марказий (йўл юзида жойлашган) масжидда синов-тажрибадан ўтказиш;

5. Таҳоратхона сарф-харажатлари учун махсус эҳсон қутисини ташкил қилиш.

Фото: Facebook

Шунингдек, мурожаатчилар эҳсон қутисидаги пул тушумидан қатъий назар, ўнта масжид таҳоратхонасининг барча сарф-харажатларини ўз зиммаларига олишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 15 март куни Ҳукумат томонидан барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш тавсия этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши йирик исломий ташкилотлар ва уламоларнинг фатво ва хулосалари асосида мусулмонларни "мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқишга ва беш вақт намозларни ҳам уйда адо этишга" чақирди.