Бир миллиондан ортиқ: Ҳиндистон ҳам АҚШ, Бразилия "коронавирус клуби"га аъзо бўлди

Бир миллиондан ортиқ: Ҳиндистон ҳам АҚШ, Бразилия

Охирги 24 соат ичида Ҳиндистонда рекорд миқдорда коронавирус аниқланди - қарийб 35 мингта.

Ҳозирда Ҳиндистон коронавирусга чалинганлар сони бўйича АҚШ ва Бразилиядан кейин учинчи ўринда турибди. Жаҳонда фақат шу уччала мамлакатда 1 миллиондан ортиқ коронавирус ҳолатлари аниқланган.

Актив ҳолатлар сони жами ҳолатлар сонининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Ҳиндистонда тузалиш кўрсаткичлари ошиб, коронавирусдан ўлим кўрсаткичлари камайиб бормоқда. Ҳозир 25 602 бемор ҳаётдан кўз юмган.

Ҳиндистонда сўнгги ҳафталарда коронавирус тарқалиши кескин ортди. Шу ойнинг бошларида мамлакат коронавирус аниқланиш ҳолатлари сони бўйича Россиядан ўтиб кетди.