«Бир хил ҳаракат учун ИИВга бошқа, журналистларга бошқа стандартлар қўлланилмоқда»

«Бир хил ҳаракат учун ИИВга бошқа, журналистларга бошқа стандартлар қўлланилмоқда»

Фото: Human.uz

Адвокат Абдумалик Абдуллаев журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилган ИИО ходимларига нисбатан фақат интизомий жазо қўлланилиши амалиётини «ижтимоий адолатсизлик» деб баҳолади.

Эслатиб ўтамиз, яқинда “Human.uz” веб-нашри мухбирлари журналистлик фаолиятини олиб бориш чоғида Тошкент туманида ва Гулистон шаҳрида ички ишлар органлари ходимларининг қаршилиги ва босимига учраган эди. Кеча Бош прокуратура матбуот хизмати иккала ҳолатда ҳам тегишли ҳудудий ИИО томонидан хизмат текшируви ўтказилаётгани ва айбдорлар интизомий жазога тортилишини маълум қилди.

Абдумалик Абдуллаев ушбу воқеага муносабат билдираркан, агарда айни хатти-ҳаракат ОАВ вакили томонидан ички ишлар ходимига нисбатан содир этилганида бу ишнинг ҳуқуқий оқибати тамом бошқача бўлиши мумкинлигини айтади.

“Журналистга нисбатан қилинган ножўя хатти-ҳаракат интизомий характерда бўлиб, шунга кўра жазо чоралари (огоҳлантириш ёки ҳайфсан) қўлланилар экан!..

Агар журналист ҳокимият вакилига нисбатан шундай ҳаракатни содир этганида, ҳолатдан келиб чиқиб, журналист камида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси («Майда безорилик») ва (ёки) 194-моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») билан жавобгарликка тортилар эди. Ёки бўлмаса, ҳокимият вакилига нисбатан фаол қаршилик қилди деб, журналистга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, жиноий таъқиб амалга оширилар эди”, дейди адвокат. (Фарғоналик журналистнинг қисмати бунга яққол мисол - таҳр.).

А.Абдуллаевга кўра, айни бир ҳаракат учун давлат томонидан санкция қўллаш амалиётида номувофиқлик мавжуд. Яъни, оддий фуқаро сингари журналистга нисбатан ҳокимият вакили томонидан қилинган ҳаракат интизомий деб, ҳокимият вакилига нисбатан содир этилганида эса ножўя хатти-ҳаракат маъмурий ёки жиноий деб баҳоланар экан.

«Қани санкциялашдаги ижтимоий адолат?!» — дея ажабланади адвокат.