"Бирданига" демасдан имтиҳондан йиқилиб, барибир ўқишга кирганим ҳақида

Мен 1990 йили шарқшунослик институтига ўқишга кирганман. У пайт Тошкент давлат университети факултети эди.

Илк кириш имтиҳонида диктант ёзганмиз. Мен бирорта ҳам имло хатоси қилмаганман, лекин бир жойда "она" сўзи гап ўртасида ҳам катта ҳарф билан ёзилиши керак экан. Мен кичик ҳарф билан ёзганим учунгина тўрт баҳо қўйилган. Олган баҳомдан норози бўлиб, шикоят қилганимда билганман.

Кириш имтиҳонларида битта беш (жўғрофия) ва учта тўрт (инглиз тили, ... ва тарих) олганман. Охирги тарих имтиҳонида абитуриентларнинг сараги саракка, пучаги пучакка чиқиб қолганди.

Мен чиптани олиб, партага ўтирдим. Саволларга жавобни жуда яхши билардим. Тайёр бўлганим учун, бошқалар қандай жавоб бераётганини кузата бошладим.

Абитуриентлар зўрға жавоб беришса ҳам, "илтимос тўрт қўйиб беринг" деб ёлворишарди. Домла "учта уч олибсиз, тўрт қўйганим билан ҳеч нима ўзгармайди" десаям, "майли, ҳеч бўлмаса кечки бўлимга илашиб қолайлик" дейишарди. Домла уларнинг ҳаммасига тўрт қўйиб берди.

Сира менга келганида чиптадаги ҳамма саволларга тўлиқ жавоб бердим. Имтиҳон олувчи домла ҳеч қандай қўшимча савол сўрамасдан, тўрт қўйди. Шунда мен норози бўлиб, "мен тўртга жавоб берганим йўқ, ҳеч нарса билмаганларга ҳам тўрт қўйдингиз, мен улар билан тенг эмасман, беш қўйишингиз керак" деб, қаттиқ талаб қилдим.

Домла эса "тўрт ёмон баҳо эмас, иккита тўрт, битта бешингиз бор экан" деса ҳам, мен ўз сўзимда туриб олдим. Қайта қуриш даври бўлгани, ўз билимимга ишонганим учун ҳеч нарсадан қўрқмаганман.

Домла ташқарига чиқиб, каттароқ домлани етаклаб келди. Жўғрофиядан беш баҳога талабгор бўлганимда домланинг ўзи яна бошқасини чақириб келганди. Имтиҳон олувчининг битта ўзи беш баҳо қўёлмас экан-да.

Кирган домла ҳамма саволларга жавобимни қайтадан тинглаган. Битта савол Россияда 1860-йилдан кейин саноат нега ривожланиб кетгани ҳақида эди. Саволга тўлиқ жавоб берсам ҳам домла "асосий сабаби нима эди?" деб, қайта-қайта сўрайверган.

Крепостнойлик тузуми бекор қилинганлиги, қишлоқлардаги деҳқонлар шаҳарларга кўчиб келиб, ишчиларга эҳтиёжни қоплашини ҳам айтиб ўтдим. Лекин, домла барибир "асосий сўзни айтмаяпсиз" деб тураверган ва тўрт қўйишини айтган. Шунда мен "кетишдан олдин энг асосий сўз нима эканлигини айтинг, билиб кетай" дедим. Домла "айтаман-у, лекин буни айтганман деб қолишингиз мумкин" деди. Мен "барибир билиб олай" дедим.

Домла "1860-йиллларда Россия саноати БИРДАНИГА ривожланиб кетди, "бирданига" демадингиз" деса бўладими! Мен "ие, мен сабабларини айтдим, ТEЗДА РИВОЖЛАНИБ КEТДИ" дедим, англами бир хил эмасми? " дедим. Домла "ана, айтдим-ку, айтганман деб турволасиз, лекин БИРДАНИГА демадингиз" деди.

Мен домланинг сўз ўйинидан қаттиқ хафа бўлдим. Домланинг гапларига ўхшатма қилиб, шундай мисол келтирдим: "Сиз менга бу қанақа дарахт?" деб савол бердингиз. Мен "катта олма дарахти, шохлари ҳар томонга тарвақайлаб кетибди. Юзларча мева лиқ тўла, пишиб ётибди" десам, сиз "айнан мен кўриб турган олма ҳақида гапирмадингиз" деяпсиз.

Телевизор-газеталарда қайта қуриш, ошкоралик деб бонг уряпсизлар-у, амалда ҳеч нарса ўзгармабди. Кириш бали 18 экан, мен кирмаслигим учун атайлаб тўрт қўйяпсиз. Мен олий маълумотлиман, шу институтга кирмасам-кирмабман" деб, чиқиб кетдим.

Мандатни ҳам кутмай, кечқурун поездга ўтириб, Асакага кетворганман.

Сентябрда яна ўзим мусиқа ўқитувчиси ўлароқ ишлаётган мактабда ишимни давом эттирдим. Бир куни акам тўйга боргани, у ерда ТошДУда ишлайдиган асакалик ўқитучи билан гаплашиб қолгани, унга мен мандатга қолмасдан келганимни айтиб берибди. У киши кундузги бўлимга бали етмаганлар кечки бўлимга қабул қилинганини айтибди.

Акам бу гапларни менга етказди. Барибир мандатдан ўтишим мумкинлигига ишонмадим. Чунки, сўнгги синовда бўлган машмаша демократик ўзгаришларгаям, қайта қуришгаям ишончимни сўндирганди.

"Ҳужжатларим қабул комиссиясида қолиб кетганди, барибир олиб келишим керак" дедим. Чамаси, 9 сентабрда ҳужжатларимни олиш учун Тошкентга қайтиб бордим.

Факултетга кирганимда ҳужжат берадиган домла неча бал олганимни сўраб қолди. "17 бал" десам, "ие, 17 бал олганлар қабул қилинган-ку?!" деб, рўйхатни текширди. "Мана, фамилиянгиз кирганлар рўйхатида турибди" деса бўладими! Шунда от ва фамилиям охиридан учинчи бўлиб турганини кўрдим.

"Талабамиз экансиз, ҳужжатимни олиб кетаман дейсиз, тезда деканатга боринг" деди хайратини яширолмаган домла.

Деканатдагиларнинг ҳам оғзи очилиб қолди. Форс тили бўлимида иккита Ўзбек ва битта ўрис тили гуруҳи бор экан, ҳаммаси бўлиб қирққа яқин талаба. Ўзбекча бўлимда жой йўқ экан. "Ўрисча гуруҳда ўқийверасизми?" деб сўрашди. Олдин консерваторияда кўп дарсларни ўрисча ўқигандим. Шунинг учун "ҳа" дедим.

Дарс ўтилаётган хона эшигини тақиллатиб ичкари кирдим. Ёши катта Ўзбек аёл ўқитувчи ўрисчалаб "сизга ким керак?" деди. Ҳужжатларимни олишга келсам, ўқишга кирганимни айтиб, дарсга юборишганини айтсам, домла бечора "шунақасиям бўладими, тавба-тавба" дейди, холос...

Шу тариқа, йигирма олти ярим ёшимда яна талаба бўлганман. Уйланган ва битта болали эдим. 1992 йили ўқишни давом эттириш учун илк қалдирғочлар қаторида Туркияга кетдим. 1996 йили магистратурани, 2002 йили Тошкент Давлат юридик институтини, 2011 йили Торонтодаги Ҳерзинг коллежи паралегал бўлимини битирдим.

Шарқшунослик факултетига келсак, чамаси, талабаларнинг уқуви пастлиги ҳақида кимдир юқорига шикоят қилган бўлса керак, октабр ойи ўрталарида ҳамма талабалар қайтадан диктант ёзганмиз. Натижалар қандайлигини тасаввур қила оласизми? Битта беш, иккита тўрт, еттитача уч чиққан! Қолган ҳамма икки олган!

Бу дегани - 25% талабалар иккичи дегани. Ҳолбуки, қайта қуриш ва ошкоралик даври, эди. Икки олганлар "енди бизни талабалар сафидан чиқаришадими?" деб, анчагина талвасага тушиб қолишганди. Лекин, ҳаммаси хайрли тугаган (албатта, юқоридаги кимларнингдир чўнтаклари қаппайиши эвазига).

Беш баҳони ким олганини ўзингиз билган бўлсангиз керак.

Пешонамизга ўқиш ёзилган экан. Баъзан, оғайниларим хазиллашиб "яна бирорта ўқишга киринг, пенсияга стипендия билан чиқасиз" дейишарди...


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.