Федералист №2: Бирлашиш аҳамияти (2-мақола)

Федералист №2: Бирлашиш аҳамияти (2-мақола)

Америка давлатчилиги пойдеворини ясаб берган уч сиёсий мутафаккир “Публиус” тахаллуси остида ёзган мақолалари таништиришни давом этамиз.

Биринчи мақола: Федералист №1: Давлатга пойдевор қўйган "уч блогер"

Иккинчи мақолани Жон Жей (1745 - 1829) ёзган бўлиб, матн 31 октябр 1787 йилда Independent Journal газетасида чоп этилган.

Мазкур мақолада муаллиф Шимолий Америка штатларини ягона давлат бўлиб бирлашишга чақиради.

1. Америка халқи мазкур масалани ҳал қилиш учун уни ҳар тарафлама жиддий ўрганиб чиқиши лозим. Қирол ва аристократлар ҳукмидан буткул қутулгач, миллат ҳаёти ва келажагига оид масъулият халқнинг зиммасига тўлалигича ўтганини ўқувчи англамоғи лозим.

2. Эркин инсонлар жамланганларида умумий мақсадлари учун ягона ҳукумат тузадилар. Одамлар ўз табиий эркинликларининг бир қисмини шу ҳукуматга топширадилар. Ҳукуматни барпо қилиш зарурати ортиқча исботни талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳар бир давлат бошқаруви ўз ваколатини халқнинг табиий эркинликларидан олади.

3. Америка алоҳида штатларга ажралиши ёки бир неча алоҳида конфедерацияларга бўлиниши керак деган ғоя пайдо бўлганини муаллиф хавотир билан эътироф этади. Шимолий Америка штатлари умумий савдо алоқаларига, бир бири билан туташган сермаҳсул кенг ерларига, қуруқлик ва дарёлардан ўтадиган улкан транспорт тизимларига эга. Бу штатларда асли бир миллат бўлган, бир тилда сўзлашадиган ва бир динга эргашадиган эрксевар халқлар яшайди. Америка халқлари мустақиллик учун елкама елка туриб курашган, якдиллик билан бошқа давлатлар билан шартномалар тузган эди. Бошга кулфат тушганда бу вилоятлар якдил эди. Энди юксалиш поғонасига етганда, янги имкониятлар ва кутилмаган таҳдидлар пайдо бўлганида бир-биридан ажраб кетиш катта хатодир.

4. Мустақиллик учун уруш даврида шошилинч билан тузилган эски конституциянинг камчиликлари кўп. Шунинг учун Филаделфияда маърифатли, инсофли, бефарқ бўлмаган ватанпарвар фуқаролар ўз ихтиёрлари билан конституция мажлиси – Конвентини ташкил қилиб, янги миллий Конституция лойиҳасини ишлаб чиқдилар.

5. Конвент (конституцион мажлис) янги Асосий қонун лойиҳасини штатларга тавсия этган, уни кўр-кўрона қабул қилишга чақирмаган. Албатта хужжат лойиҳасини оқилона ўрганиш ва қарор қабул қилиш осон кечмайди, қарши бўлганлар ҳам яхши, ҳам ғаразли ниятлар билан уни қоралаб чиқишлари табиий. Шунинг учун одамлар қонун лойиҳасини ўрганишда виждонан ёндашмоқлари шартдир!

6. Штатларни ягона давлатга бирлаштирувчи конституция қабул қилинмас экан, муаллиф қадимги шоир тили билан: “Алвидо! Алвидо, дейман қадримга, буюклигимга!”, деб ватандошларини огоҳлантиради.

Кейинги, учинчи мақолани ҳам Жон Жей тайёрлайди. Унда муаллиф миллий бирлашувнинг аҳамияти ҳақида фикрини давом этиб, ташқи давлатлардан келадиган таҳдидлар ва уруш масаласини муҳокама қилади. Давомини кутинг.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.